Мисрлик туроператорлар Ўзбекистон ташриф учун махсус турпакетлар ишлаб чиқмоқчи
Июль 14, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 73
ҚОҲИРА, 14 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Мисрнинг йирик туристик компанияси – “Travco Holidays” вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида мисрлик ишбилармонлар Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий ва туристик салоҳиятини юқори баҳолаб, ушбу йўналишни Миср бозорида фаол ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди. Элчихона томонидан ўтказилган тақдимотлар маҳаллий соҳа вакилларида катта таассурот қолдирди.
Учрашувда Миср бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, мамлакатимизни жозибадор йўналиш сифатида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Travco Holidays” мутахассислари учун Ўзбекистонга махсус тур уюштириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Мазкур сафар давомида мисрлик экспертларга юртимизнинг меҳмонхона тармоқлари, ресторанлари ва диққатга сазовор масканлари билан бевосита танишиш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Бу мисрлик сайёҳларни Ўзбекистонга тизимли равишда жалб этиш бўйича аниқ ва рақобатбардош турпакетларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Мулоқотда рақобатбардош нарх сиёсатини шакллантириш мақсадида парвозлар географиясини кенгайтириш ҳамда “Turkish Airlines” авиакомпанияси билан алоҳида учрашув ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Бундан ташқари, Мисрнинг турли шаҳарларида 100 дан ортиқ меҳмонхонани муваффақиятли бошқариб келаётган “Travco Group” компанияси Ўзбекистондаги айрим меҳмонхоналарни бошқариш учун ўзининг тажрибали мутахассисларини жалб этишга тайёрлигини билдирди.
Якунда “Travco Group” вакиллари билан Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизнинг етакчи туристик компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси