Ўзбекистоннинг Штутгартдаги халқаро туризм кўргазмасидаги иштироки муҳокама қилинди

Июль 14, 2026. 11:00 • 2 дақ

114
Ўзбекистоннинг Штутгартдаги халқаро туризм кўргазмасидаги иштироки муҳокама қилинди

ШТУТГАРТ, 14 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Штутгартдаги “Messe Stuttgart” маркази раҳбарияти билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда “Messe Stuttgart” марказининг хорижда тадбирлар ва кўргазмалар ташкил этиш бўйича директори Александр Эге, муассаса раҳбари Роланд Блайнрот ҳамда Ўзбекистон Бош консули Мираншоҳ Раупов ўзаро алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашди.

Роланд Блайнрот компания фаолияти, халқаро кўргазмаларни ташкил этиш соҳасидаги тажрибаси, мазкур тадбирларнинг турли иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдаги аҳамияти ҳақида маълумот берди.

У Европа туристик индустриясининг энг нуфузли тадбирларидан бири “Caravan, Motor аnd Touristik” (Карвон, Автомобиль ва Туризм, “CMT”) халқаро туризм кўргазмаси хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Бош консул Мираншоҳ Раупов сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, замонавий туристик инфратузилмани шакллантириш, янги сайёҳлик йўналишларини яратиш ҳамда сайёҳлар учун қулай шароитлар таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Шунингдек ўқинг

Германия ва Ғарбий Европанинг бошқа давлатларидан Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони изчил ошиб бораётгани, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва туристик салоҳиятига бўлган қизиқиш тобора кучайиб бораётгани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистонни келгуси “CMT” кўргазмасининг асосий ҳамкор давлати сифатида иштирок этиш имконияти кўриб чиқилди. Роланд Блайнрот мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, Буюк Ипак йўли мамлакатларига Германия жамоатчилиги ва туризм соҳаси вакиллари томонидан катта қизиқиш билдирилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, компания раҳбари ноябрь ва февраль ойларида Лейпциг ҳамда Гамбург шаҳарларида ўтказиладиган йирик туристик кўргазмаларда Ўзбекистон миллий стенд билан ҳамда маҳаллий туризм компаниялари вакиллари иштирокини таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар таклифлар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, маълумот ва фикр алмашиш, Ўзбекистоннинг халқаро туристик кўргазмалардаги иштирокини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

“CMT” кўргазмаси 1968 йилдан буён ўтказиб келинади. Мазкур кўргазма истеъмолчилар учун мўлжалланган дунёдаги энг йирик туризм тадбирларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили Штутгарт шаҳрида ташкил этиладиган кўргазма 100 дан ортиқ мамлакатдан 1 600 дан зиёд компания ва 260 мингдан ортиқ сайёҳлик соҳаси вакилларини бир майдонга жамлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш