Дональд Трамп ХАМАСни қуролсизлантириш бўйича “тарихий келишув”ни эълон қилди

Июль 31, 2026. 17:30 • 3 дақ

74
Дональд Трамп ХАМАСни қуролсизлантириш бўйича “тарихий келишув”ни эълон қилди
“AFP” агентлиги сурати

ТОШКЕНТ, 31 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп Қоҳирадаги музокараларда ХАМАСни тўлиқ қуролсизлантириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди, аммо Исроил бу режани ҳали қўллаб-қувватлагани йўқ ва уни рад этиш ниятида, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Оқ уй раҳбари ижтимоий тармоқларда Миср, Қатар ва Туркия воситачилигида ХАМАС билан гуруҳни босқичма-босқич қуролсизлантиришга келишиб олинганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, келишув бажарилиши билан параллел равишда Исроил қўшинлари Ғазо секторидан олиб чиқилади, хавфсизликни эса халқаро барқарорлаштирувчи кучлар янги Фаластин полицияси билан биргаликда таъминлайди.

“Бугун Тинчлик кенгаши ХАМАС ва Ғазо секторидаги бошқа барча қуролли гуруҳларни тўлиқ қуролсизлантириш бўйича тарихий келишувга эришди”, — деб ёзди давлат раҳбари “Truth Social” ижтимоий тармоғида. Унинг қўшимча қилишича, ушбу келишув Ғазони Фаластиннинг янги ҳукумати бошқаришига йўл очиши лозим.

ХАМАСнинг юқори мартабали вакили “BBC”га ҳаракат Тинчлик кенгаши режасига рози эканини ва расмий баёнот тайёрлаётганини айтди. Шу билан бирга, ХАМАС музокаралар гуруҳи аъзоси Ғози Ҳамад “Al Jazeera” телеканалига “Исроил сектордан чиқиб кетмагунча, гуруҳ қуролсизланиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаслигини” маълум қилди.

Reuters” агентлигининг ёзишича, келишув лойиҳасида оғир қурол-яроғлар Фаластин маъмурияти назоратида бўлиши ва Исроилга топширилмаслиги кўзда тутилган. Енгил қуролларнинг тақдири эса ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Исроил ҳукумати шубҳа билан ёндашмоқда. Юқори мартабали Исроил расмийси агентликка мамлакат ушбу ҳужжатни рад этишини, чунки унда Исроил талаб қилаётганидек, қурол-яроғни Ғазодан тўлиқ олиб чиқиш ва секторни бутунлай демилитаризация қилиш назарда тутилмаганини айтди.

Америка томонидаги манба ҳам Исроил ХАМАСнинг ўз мажбуриятларини бажаришга тайёрлигига “жуда шубҳа билан қараши”ни тан олди. Бироқ Вашингтон келишув амалга ошишига ишонч билдиришини таъкидлади. “Агарда улар буни қилмаса, унда, шубҳасиз, Дональд Трампнинг ҳафсаласи жуда пир бўлади”, — деди у.

Axios” нашри маълумотларига кўра, келишув АҚШнинг Ғазо бўйича тинчлик режасининг бир қисми бўлиб, у ХАМАСнинг секторни бошқаришдан воз кечиши, ҳокимиятни фуқаролик Фаластин маъмуриятига топшириши, гуманитар ёрдам ҳажмини ошириши, Исроил қўшинларини олиб чиқиши, халқаро хавфсизлик кучларини жойлаштириши ҳамда туннеллар ва қурол-яроғ инфратузилмасини йўқ қилишни назарда тутади. Айни пайтда қўшинларни олиб чиқиш жадвали ҳали келишилмоқда.

Музокараларга қарамай, Ғазодаги вазият кескинлигича қолмоқда. ХАМАС Исроилни тинч аҳолига зарба бераётганликда айблаб, қўшинларни зудлик билан олиб чиқишни талаб қилаётган бўлса, Исроил жангариларга зарба бераётганини билдирмоқда. Бош вазир Биньямин Нетаньяху аввалроқ Исроил армияси назоратидаги сектор ҳудудини 70 фоизгача кенгайтириш нияти ҳақида айтган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш