Марказий Осиё ва Япония экспертлари ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди
Сентябрь 24, 2026. 21:30 • 3 дақ
• 28
ТОШКЕНТ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Марказий Осиё – Япония” форматида таҳлил марказлари халқаро форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Токио университети қошидаги Осиёни истиқболли тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Форум давомида иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, жумладан, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, янги технологиялар, туризм, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.
Минтақанинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Жанубий Кавказ давлатлари, Туркия ва Европа бозорлари билан боғловчи Ўрта йўлакнинг муҳим аҳамиятини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Япониядаги собиқ элчиси Алишер Шайхов “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония мутахассислари иштирокида доимий фаолият юритувчи экспертлик механизмини шакллантириш лозимлигини таъкидлади.
– Марказий Осиё ва Япония мутахассислари белгиланган йўналишларнинг ҳар бири бўйича биргаликда ишлаши, аниқ таклифлар ишлаб чиқиши, қайси ташкилотлар, компаниялар ва вазирликлар билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини белгилаши керак, – деди у. – Экспертлар мулоқотидан амалий лойиҳаларни амалга оширишга ўтиш муҳим. Тайёрланадиган таклифлар нафақат стратегик мақсадлар, балки уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари, салоҳиятли ҳамкорлар рўйхати, давлат ва хусусий тузилмалар билан шериклик форматларини ҳам қамраб олиши лозим.
Мутахассислар тайёрлаш ва Япониянинг технологик тажрибасини узатишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Истиқболли йўналишлардан бири сифатида қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, Япония технологияларини ўрганиш ва Марказий Осиё мамлакатлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган янги университет ёки ихтисослаштирилган институтларни ташкил этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Токио университети қошидаги Осиёни истиқболли тадқиқотлар институти директори, профессор Жин Сато Марказий Осиёга илк бор ташриф буюргани ва минтақанинг тарихий ҳамда маданий меросини юксак баҳолаганини таъкидлади.
– Бугун биз телекоммуникациялар, энергетика, санитария инфратузилмаси, сунъий интеллект ва бошқа йўналишларни қамраб олган кенг доирадаги масалалар, Марказий Осиёда яшаш шароитларини яхшилаш учун Япония технологияларидан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилдик, – деди Жин Сато. – Бундай экспертлар мулоқоти Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштиришга хизмат қилиб, ҳамкорликнинг янги амалий йўналишларини аниқлаш имконини беради.
Таҳлил марказлари халқаро форуми рақамлаштириш, транспорт ва логистика, энергетика, туризм, таълим ҳамда технологик ҳамкорлик соҳаларидаги шерикликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш майдонига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси