Ўзбекистон ҳудудларидаги олти техникумга Покистондан янги жиҳозлар тўплами топширилди
Сентябрь 24, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 50
ИСЛОМОБОД, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси Ўзбекистоннинг олтита таълим муассасасидаги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида беғараз грант ёрдами кўрсатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қўллаб-қувватлашдан Нукус профессионал техникуми, Гурлан туманидаги 1- ва 2-сонли техникумлар, Жиззах шаҳридаги 1-сонли техникум, Каттақўрғон шаҳридаги 1-сонли техникум ҳамда Данғара туманидаги 1-сонли техникум баҳраманд бўлди.
Лойиҳа Ўзбекистон Президенти раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди. Унда, жумладан, элчихоналарга бириктирилган техникумларни ривожлантириш ва уларга амалий кўмак кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Грант доирасида олтита таълим муассасасининг ҳар бирига электр монтажи ва пайвандлаш ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва махсус жиҳозлар тўплами топширилди. Ҳар бир тўплам зарур қурилма ва воситаларнинг 14 турини ўз ичига олади.
Янги жиҳозлар ўқувчиларга назарий билимларни амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш, касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш имконини беради.
Техникумлар раҳбарлари билан жиҳозлардан самарали фойдаланиш ва уларни ўқув жараёнига мақсадли жорий этиш, электр монтажи ва пайвандлаш ишлари йўналишларида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувларда топширилган маблағ ва жиҳозлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда техникумлар негизида амалий инновацион ўқув марказларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Техникум директорлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг Покистондаги элчихонасига кўрсатилган беғараз амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси