Ўзбекистонда янги шамол ва қуёш электр станциялари қурилиши режалаштирилмоқда
Сентябрь 24, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 53
КИЕВ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон энергетика вазири Шерзод Ходжаев мамлакат 2030 йилга қадар шамол электр станциялари қувватини 12 минг МВтга етказиш, барча ҳудудларда электр энергиясини сақлаш тизимларини яратишни режалаштираётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Интерфакс-Украина” ахборот агентлигига таяниб.
Шерзод Ходжаевнинг сўзларига кўра, энергияни сақлаш тизимларининг параметрлари ва ишлаш режимлари ҳудудлардаги энергия истеъмолининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, йирик саноат истеъмолчиларининг эҳтиёжларига мослаштирилади.
Қайд этилишича, янги шамол энергетикаси лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида амалга ошириш режалаштирилмоқда. 2030 йилга қадар қуёш электр станцияларининг ўрнатилган қувватини камида 7 минг МВтга етказиш кўзда тутилган.
Энергетика вазирлигига инвесторлар билан музокараларни жадаллаштириш ҳамда амалга оширилиши белгиланган муддатлардан ортда қолаётган лойиҳалар бўйича зарур чораларни кўриш топширилди. Инвесторларни танлаш шаффоф танлов жараёнлари асосида амалга оширилади.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистондаги электр станцияларининг ўрнатилган қуввати 24,7 минг МВтни ташкил этган. Қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 6,3 минг МВтдан ошган бўлса, гидроэлектростанциялар қуввати қарийб 2,5 минг МВт бўлган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси