Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Сентябрь 24, 2026. 18:30 • 3 дақ

70
Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ТОШКЕНТ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов юртимизга ташриф буюрган Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида томонлар туризм соҳасида Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Абдулазиз Аққулов “Дунё” ААга берган интервьюсида учрашув давомида Ўзбекистонда туристик инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда Туркия тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

– Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Турк томонини бугун Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб, қатор йўналишларда шериклик қилиш бўйича келишувларга эришдик.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган туристик инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқилган мастер-режаларни тақдим этдик.

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Каппадокия университети билан биргаликда мамлакатдаги мавжуд курорт ва рекреация ҳудудларини мастер-режалар асосида ривожлантириш бўйича катта тажрибага эга.

Меҳмонларга мутахассисларимиз томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларимизни тақдим этдик. Уларни биргаликда такомиллаштириш, қўшимча учрашувлар ўтказиш ҳамда барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ушбу лойиҳаларни янада такомиллаштириб, тайёрлаш бўйича келишиб олдик.

Ўзбекистон ва Туркиянинг туристик салоҳиятини биргаликда тарғиб қилиш масалалари бўйича ҳам фикр алмашдик. Юртимиз туризмини тарғиб қилиш ва тажриба алмашиш мақсадида Туркиянинг “GoTürkiye” Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар ўтказдик.

Туркиянинг Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) билан таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, икки томонлама алмашинувларни ташкил этиш бўйича келишиб олдик. Бу йўналишда ҳам Туркия Маданият ва туризм вазири билан ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Биз кинематография, тиббиёт ва туризмнинг бошқа турларини ривожлантириш орқали сайёҳларни нафақат мавсумий даврда жалб қилиш, балки уларнинг мамлакатимизда йил давомида бўлишини таъминлашга қаратилган режаларимизни тақдим этдик.

Турк томони мавжуд авиарейслар сонини кўпайтириш, икки мамлакат авиакомпаниялари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, туристик оқимни оширишга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Саидовнинг таъкидлашича, бугунги кунда рақамли воситалар туристик йўналишларни халқаро миқёсда тарғиб қилишда тобора муҳим роль ўйнамоқда.

– Бугунги учрашувда Ўзбекистон Туризм қўмитасининг PR-маркази ҳамда Туркиянинг Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги ўртасидаги ҳамкорликни янада давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Туризмни рақамли платформалар орқали тарғиб қилиш соҳасида тажриба алмашиш ва қўшма ишларни ривожлантириш кўзда тутилмоқда.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан яна бири туристик инфратузилмани ривожлантиришдир. Биз Ўзбекистон Туризм қўмитасининг лойиҳа офиси билан Туркиядаги Невшеҳир Каппадокия университети ҳузуридаги лойиҳа офиси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишдик.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш