Элдор Арипов: Фарғона водийси Марказий Осиёда юз бераётган ўзгаришларнинг яққол тимсолига айланган

Июнь 22, 2026. 17:30 • 4 дақ

79
Элдор Арипов: Фарғона водийси Марказий Осиёда юз бераётган ўзгаришларнинг яққол тимсолига айланган

ФАРҒОНА, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Фарғона давлат университетида “Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси” халқаро ёшлар семинари ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган ёш етакчилар, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларини бир майдонда жамлади.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, ЕХҲТ Раисининг мулоқот ва ишончни мустаҳкамлаш масалалари бўйича махсус вакили Серж Рюмин, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори Сабине Махл, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев иштирок этди.

Очилиш маросимида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов семинар Фарғона тинчлик форуми шафелигида ташкил этилаётган илк амалий тадбир эканини қайд этиб, унинг муҳим аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Фарғона тинчлик форуми Фарғона водийси давлатлари ўртасида мулоқот, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган янги минтақавий майдон ҳисобланади. Ўтган йил октябрь ойида ўтказилган форумнинг биринчи йиғилиши минтақавий ҳамкорлик тарихида муҳим воқеа бўлиб, минтақада узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик механизмларини яратишга бўлган умумий интилишни намоён этди.

Элдор Ариповнинг қайд этишича, Фарғона тинчлик форуми доирасидаги илк тадбир сифатида айнан ёшлар ташаббуси танлангани рамзий маънога эга. Бу мустаҳкам тинчлик фақат давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки ёш авлоднинг дунёқараши орқали ҳам барпо этилишини англатади. Унинг таъкидлашича, тинчликнинг бардавомлиги яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик ғоялари янги авлоднинг ҳаётий қарашлари ва қадриятларининг ажралмас қисмига айланишига бевосита боғлиқ. “Ана шундагина тинчлик сиёсий декларация бўлиб қолмай, ҳаётий воқеликка айланади”, — деди Элдор Арипов.

СМТИ директори Фарғона водийси бугунги кунда минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларнинг яққол тимсолига айланганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, яқин ўтмишда ушбу ҳудуд ёпиқ чегаралар, чекланган алоқалар ва ўзаро ишончсизлик билан боғлиқ ҳолда тилга olinardi.Bugungi кунда эса аҳоли очиқ чегаралар, савдо ҳажмининг ортиши ҳамда гуманитар алоқаларнинг кенгайиши натижасида юзага келаётган янги имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Авваллари кескинлик манбаи сифатида қаралган ҳудуд босқичма-босқич ҳамкорлик, тараққиёт ва янги имкониятлар маконига айланиб бормоқда.

Шунингдек ўқинг

СМТИ директори эришилган ютуқлар Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси, узоқни кўзлаган стратегик қарашлари ва прагматик ёндашувга асосланган етакчилиги самараси эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугунги ижобий ўзгаришларнинг асосида шериклик, яхши қўшничилик ва биргаликдаги ривожланишни устувор деб билувчи минтақавий ҳамкорликнинг мутлақо янги фалсафаси мужассам.

Бу борада Элдор Арипов ўтган йил март ойида Хўжандда имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация ҳамда давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома тарихий бурилиш ясаганини қайд этди. Унинг фикрича, ушбу келишувлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида яхши қўшничиликнинг янги босқичига мустаҳкам замин яратиб, минтақадаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликнинг ортга қайтмас тус олганини тасдиқлади.

Экспертнинг фикрича, минтақавий ҳамкорликнинг янги фалсафаси бугун халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Буни жорий йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш” тўғрисидаги резолюцияси яққол тасдиқлайди. Бундан ташқари, Қирғизистон томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон билан биргаликда илгари сурилган “Чегаравий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш” тўғрисидаги БМТ резолюцияси ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Элдор Арипов ҳар икки резолюцияни бирлаштириб турувчи асосий ғоя Марказий Осиёда тинчлик ва тараққиёт ҳамкорлик орқали таъминланиши лозимлигидан иборат эканига эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бугунги кунда ушбу ёндашув сиёсий декларациялар доирасидан чиқиб, аниқ келишувлар, қўшма лойиҳалар ҳамда минтақанинг миллионлаб аҳолиси учун яратилаётган янги имкониятларда ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

“Шу боис Марказий Осиё тобора кўпроқ ўзаро ишонч, сиёсий ирода ва яхши қўшничилик мураккаб тарихий меросни умумий келажак пойдеворига айлантиришга қодир эканини намоён этувчи намуна сифатида эътироф этилмоқда”, — деди СМТИ директори.

“Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси” халқаро ёшлар семинари 25 июнга қадар давом этади. Тадбир СМТИ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган.

Семинар Марказий Осиё учун БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Бу эса мазкур ташаббуснинг халқаро аҳамияти ва нуфузли халқаро институтлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини яққол намоён этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш