Мексикадаги халқаро фестивалда Ўзбекистон маданияти намойиш қилинди
Июнь 16, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 107МЕХИКО, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Мексика пойтахтидаги “Global Village” павильонида Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан келган минглаб меҳмонлар ва футбол мухлисларига юртимизнинг бой тарихи, маданий мероси, миллий қадриятлари ҳамда замонавий туризм имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Павильонда миллий чолғу асбоблари, халқ рақслари, ҳунармандчилик намуналари ва миллий либослар коллекцияси намойиш қилинди.
Шунингдек, ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркиби, жамоанинг халқаро майдондаги иштироки, мамлакатимизда футбол соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда жаҳон чемпионатидаги иштирокининг аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди.
Бундан ташқари, элчихона ва FIFA медиа жамоаси ҳамкорлигида тадбирни федерациянинг расмий ахборот платформалари ва ижтимоий тармоқларида ёритиш мақсадида махсус видеорепортаж тайёрланди.
FIFA медиа вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон павильони фестивалнинг энг фаол ва кўп ташриф буюрилаётган нуқталаридан бирига айланган.
Мехико шаҳрида “FIFA” Халқаро “Fan Festival” дастури доирасида Ўзбекистоннинг маданий мероси ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган қатор чиқишлар, тақдимотлар ва маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



