Тарек Мансур: Бошқарув тизимини ривожлантириш Ўзбекистон каби мамлакатлар учун ажойиб имконият яратади
Июнь 19, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 185
ТОШКЕНТ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашган Американинг машҳур “McKinsey & Company” компанияси катта ҳамкори Тарек Мансур “Дунё” АА мухбирига интервью берди:
– Юқори савиядаги панель муҳокамасида иштирок этиш шарафига муяссар бўлганимдан мамнунман. Бу бошқарув тизими, унинг қандай ривожланаётгани ҳамда шиддат билан ўзгараётган дунёда бошқарувнинг аҳамияти тобора ортиб, кучайиб бораётгани ҳақидаги мунозара бўлди. Ўзбекистон каби мамлакатлар ва компаниялар учун бундай форумлар кўплаб имкониятлар яратади.
Бугун биз бошқарув доирасида муҳокама қилган мавзуларнинг аксарияти, аслида, жаҳон миқёсида ҳам аҳамиятли. Турли мамлакатлар ва компанияларни ўрганиш учун саёҳат қилар эканман, улар маҳаллий имкониятлар учун ҳам жуда долзарб, деб ҳисоблайман.
Биз, шунингдек, миллий бошқарув даражасида ҳам суҳбатлашдик. Масалан, Ўзбекистон вакили Абдулла Абдуқодиров инвесторлар нуқтаи назаридан миллий бошқарув тизимининг муҳимлигини ҳамда инвесторлар бошқарув тамойилларини жорий этишда пухта ўйланган, амалий ёндашувни излаётганини таъкидлади.
Ўзбекистондаги фактлар ва тўпланган тажриба асосида ўрганаётганларимдан ижобий манзара шаклланмоқда. Панель мажлисида қайд этилганидек, бу мамлакатда ривожланиш учун салмоқли туртки ва кўплаб ижобий имкониятлар мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси