Logo

Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир

Февраль 02, 2026. 17:08 • 6 дақ

99
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир
Элдор Арипов: Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив заруратдир

ТОШКEНТ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) Покистон Минтақавий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда мамлакатимиз элчихонаси кўмагида «Ўзбекистон — Покистон: ўзгариб бораётган дунёда стратегик шериклик, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш» мавзусида онлайн экспертлар конференциясини ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Анжуманда икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Ўзбекистон ва Покистоннинг етакчи таҳлилий ва таълим марказлари раҳбарияти ва экспертлари, бизнес ва дипломатик миссиялар вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, сиёсий мулоқот ва минтақавий хавфсизлик масалалари, савдо-иқтисодий ва кооперация алоқаларини ривожлантириш, таълим, кадрлар тайёрлаш, рақамлаштириш ва янги технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Экспертлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик шаклига ўтганини таъкидладилар. Бу кўп жиҳатдан икки давлат раҳбарларининг ҳал қилувчи роли ва сиёсий иродаси туфайли амалга ошди. Ўзбекистон ва Покистон етакчилари ўртасидаги юксак даражадаги ишонч ва конструктив мулоқот, хавфсизлик, иқтисодиёт ва минтақавий тараққиёт соҳаларидаги узоқ муддатли манфаатлар муштараклиги ҳар томонлама амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Тадбирни очиб берар экан СМТИ директори Элдор Арипов, Ўзбекистон-Покистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги институционал даражага кўтарилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Стратегик шериклик кенгашининг ташкил этилиши ўзаро ҳамкорликнинг тизимли ва узоқ муддатли моделига ўтишнинг ёрқин тасдиғи бўлди. Ушбу ёндашув Марказий ва Жанубий Осиёнинг яқинлашуви вақтинчалик ташаббус эмас, балки умумий стратегик манфаатлардан келиб чиқадиган объектив зарурат эканлиги ҳақидаги умумий тушунчани акс эттиради.

СМТИ директори савдо-иқтисодий ҳамкорлик динамикаси икки томонлама алоқаларнинг ўсиб бораётган салоҳиятини тасдиқлаётганини таъкидлади: сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12 баробарга ошди, ҳамкорларнинг ўрта муддатли мақсади эса бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказишдир.

СМТИ директори келгуси устувор йўналишлар ҳақида гапирар экан, оддий савдодан юқори қўшилган қийматга эга қўшма занжирларни шакллантиришга ўтиш, шунингдек, ахборот технологиялари, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини қайд этди.

Элдор Арипов Трансафғон коридорининг стратегик аҳамиятига алоҳида тўхталиб, гап шунчаки транспорт йўлаги ҳақида эмас, балки етказиб бериш муддатларини тубдан қисқартириш ва минтақани Евроосиё боғлиқлигининг асосий тугунига айлантиришга қодир бўлган геоиқтисодий лойиҳа ҳақида кетаётганини алоҳида таъкидлади.

Исломобод минтақавий тадқиқотлар институти президенти Жавҳар Салим конференция иштирокчиларига мурожаат қилар экан, икки давлат раҳбарияти ўртасидаги ишонч ва конструктив мулоқот амалий ташаббуслар учун мустаҳкам замин яратишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ҳамкорликнинг иқтисодиёт, савдо, энергетика, таълим ва маданият каби асосий соҳаларни қамраб олади. «Биз қўшма таълим дастурлари ва технологик алмашинувни кенгайтиришда улкан салоҳият борлигини кўрмоқдамиз. Бу минтақа учун стратегик муҳим босқич бўлиб, бозорларга киришни кенгайтириш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дея қўшимча қилди эксперт.

Ўз навбатида, Покистоннинг собиқ молия вазири ва Инвестициялар бўйича кенгаш раиси Ҳорун Шариф институционал ечимлар ҳамда хусусий сектор иштирокининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтди. У: «Савдо фақатгина ҳақиқий инвестициялар ва самарали иқтисодий механизмлар мавжуд бўлгандагина барқарор бўлади», — деган фикрни билдирди.

Иқтисодчи бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида бозорга йўналтирилган молиявий тузилмалар ва қўшма инвестиция платформаларини ташкил этишни таклиф этди. «Хусусий секторнинг молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши жуда муҳим, чунки бу интеграция самарадорлигини оширади», — дея таъкидлади Ҳорун Шариф. У шунингдек, қуруқлик портлари ва логистика хабларини ўз ичига олган қўшма транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб, фақатгина келишилган ёндашувлар харажатларни қисқартириши ва ҳамкорликни иқтисодий жиҳатдан самарали қилиши мумкинлигини билдирди.

Исломободдаги Миллий мудофаа университети ўқитувчиси, генерал майор Муҳаммад Самрез Салик икки мамлакатнинг юқори геоиқтисодий салоҳиятини таъкидлади. «Агар ҳар бир давлатнинг кучли томонлари жалб қилинса, Покистон ва Ўзбекистон минтақа иқтисодий интеграциясининг ядросига айланиши мумкин», — дея қайд этди у.

Генерал, шунингдек, транспорт йўлакларининг стратегик аҳамиятини қайд этди: «Транс-Афғон темир йўли Ўзбекистондан Покистон портларига юк йўлини 35 кундан 3-5 кунгача қисқартиришга қодир. Бу тўғридан-тўғри иқтисодий афзаллик бўлиб, уни қўлдан бой бермаслик керак».

«Биз ҳали фойдаланилмаган катта савдо салоҳиятини кўрмоқдамиз. Қўшма лойиҳалар ва логистика тармоқлари орқали интеграция минтақанинг иқтисодий ландшафтини ўзгартиришга қодир»,-дея таъкидлади эксперт.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Исломобод Стратегик тадқиқотлар институти қошидаги Афғонистон, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларини ўрганиш маркази директори Амина Хан барқарор ҳамкорликнинг асоси сифатида инсон капиталига инвестиция киритишнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлаб ўтди. «Инфратузилма мамлакатларни боғлайди, аммо айнан одамлар — таълим, кўникмалар ва технологиялар орқали — ҳамкорликнинг барқарорлигини таъминлайди», — деди у.

Эксперт Ўзбекистоннинг таълим ислоҳотлари ва рақамли трансформациядаги ютуқларини, шунингдек, Покистоннинг инглиз тилидаги олий таълим, тиббиёт ва илмий-тадқиқот ҳамкорлигидаги салоҳиятини қайд этди. «Таълим ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик – хавфи паст ва самараси юқори йўл бўлиб, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақавий интеграцияни ривожлантиришга хизмат қилади», – дея қайд этди у.

Икки томонлама даражада Амина Хан Пакистан–Ўзбекистон инсон капитали ва технологиялар бўйича мулоқотини ташкил этишни таклиф қилди. Бу мулоқот техник ва касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга қаратилган. Унинг таъкидлашича, қўшма тадқиқотлар икки томонлама ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, шунингдек, шу пайтгача етишмаган маҳаллий асосланган ечимларни яратади.

Амина Хан, шунингдек, Афғонистон билан уч томонлама ҳамкорликни ривожлантириш таклифини илгари сурди. Бу таклиф, аввало, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликка кўмаклашувчи турли ташаббусларни кенгайтириш мақсадини кўзлайди. У мисол сифатида «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо ҳудудини келтирди. Унинг таъкидлашича, бу оддий чегара пункти эмас, балки тўлақонли иқтисодий тизимдир. У инсонлар ўртасидаги мулоқот, таълим, тиббий хизматлар, савдо ва минтақавий транзит учун яхлит экотизим вазифасини бажаради.

ЖИДУ қошидаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Азиза Муҳаммедованинг қўшимча қилишича, барқарор хавфсизликсиз ривожланиш ва интеграциянинг улкан режаларини амалга ошириб бўлмайди. Терроризмга қарши биргаликда курашиш, разведка маълумотларини алмашиш ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликка эндиликда иқтисодий ўсиш ва минтақавий интеграциянинг зарур шарти сифатида қаралмоқда. Транспорт ва савдо лойиҳалари, жумладан, Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўли иқтисодий рағбатларни яратади ва беқарорликни камайтиради.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистика тадқиқотлари маркази бош мутахассиси Шоҳжаҳон Шихназаров, транспорт ва логистика соҳасидаги кооперациянинг амалий аҳамиятига тўхталар экан, ушбу ҳамкорликнинг аниқ натижалар бераётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича: «2025 йил охирига қадар Покистон портлари орқали юк ташиш ҳажми 450 минг тоннага етиб, ўтган йилга нисбатан 37 фоизга ошди. Бу етказиб бериш муддатларини қисқартиради ҳамда логистика харажатларини камайтиради. Шу билан бирга, йўналишларнинг барқарор ва самарали фаолият юритиши халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма форумлар ўтказиш ва тажриба лойиҳаларни амалга оширишни тақозо этади. Айниқса, Беларусь–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон мультимодал коридорини ривожлантириш, шунингдек Афғонистон орқали янги темир йўл линияларини барпо этиш муҳим аҳамият касб этади».

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклигини ривожлантириш саноат кооперацияси, технологиялар, таълим, қўшма ишлаб чиқариш занжирлари ва барқарор ривожланиш бўйича келишилган ёндашувларга асосланган кўп қиррали ҳамкорлик моделига ўтишни талаб қилади.

Конференция якунида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Исломобод минтақавий тадқиқотлар институти ўртасида стратегик шерикликни таҳлилий қўллаб-қувватлаш, қўшма ташаббусларни мувофиқлаштириш ва сиёсий раҳбарият учун тавсиялар тайёрлаш учун доимий платформа бўладиган Ўзбекистон-Покистон эксперт кенгашини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш