Россиядан муносабат: Ўзбекистон ва Покистонни муштарак тарихий илдизлар чамбарчас боғлаб туради
Февраль 08, 2026. 09:05 • 2 дақ
• 118
МОСКВА, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Россиядаги “Вектор” халқаро стратегик тадқиқотлар институти директори Андрей Хриенко “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи, икки давлат ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари ҳамда ривожланаётган ҳамкорлик алоқалари хусусида фикр билдирди:
– Албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга бу галги давлат ташрифида олий даражадаги икки томонлама музокаралар ташкил этилиши кўзда тутилган. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши, бизнес-форум ва бошқа қатор муҳим тадбирларнинг ўтказилиши минтақавий ва минтақалараро даражада интеграция жараёнларини кучайтириш бўйича (ҳар икки давлат томонидан) олиб борилаётган ишларнинг аниқ ифодаланган тизимлилиги ва изчиллигидан далолат беради.
Бугунги глобал ўзгаришлар шароитида эса Ўзбекистон ўзининг салмоқли ва мутлақо аниқ позициясини эълон қилаётган глобал, цивилизацион жараёнлар ҳақида гапириш мумкин.
Ўзбекистон ва Покистонни муштарак тарихий илдизлар чамбарчас боғлаб туради. Бугунги ҳамкорлик замирида чуқур анъанавий қадриятлар, қадимий Буюк Ипак йўлининг глобал “чорраҳалари”нинг тарихий цивилизацион роли ётади.
Буларнинг барчаси икки мамлакатнинг кўп қиррали, ўзаро боғлиқ ва ўзаро манфаатли, мустаҳкам стратегик шериклигини йўлга қўйиш учун жиддий шарт-шароит экани кундек равшан.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон етакчилари икки томонлама мулоқотга юқори суръат бағишлаган. Кун тартибидан интеграциявий ҳамкорлик, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё бўйича кенг кўламли масалалар ўрин олган.
Товар айирбошлашнинг ишончли ўсишида, қўшма корхоналар сонининг кўпайишида, узоқ муддатли лойиҳаларда ҳар икки томоннинг ўзаро манфаатдорлигидан далолат берувчи инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик натижаларида яққол намоён бўлаётган тараққиёт ва динамика яққол кўзга ташланаётган иқтисодиётдан ташқари, тизимли ва изчил иш олиб борилаётган соҳаларнинг кенг рўйхати мавжуд.
Биринчи навбатда, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо ва инвестиция оқимларини жадаллаштириш масалалари бўйича кооперацияни чуқурлаштиришнинг турли жиҳатларини ўз ичига олган логистика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини эслатиб ўтмоқчиман.
Бу борада Евроосиё иқтисодий макони мамлакатлари мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлашга қодир бўлган Трансафғон темир йўли лойиҳаси яққол мисол бўла олади.
Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Марказий Осиё давлатлари учун транспорт йўлакларини тизимли ривожлантиришнинг долзарблигини баҳолаш қийин. Икки томонлама ҳамкорлик доирасида энергетика, илм-фан, маданият ва бошқа кўплаб соҳалардаги лойиҳалар устувор аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда туризм соҳасида эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаш жоиз.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг Покистонга бу галги ташрифи стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади ва мамлакатлараро долзарб лойиҳаларни амалга оширишнинг юқори суръатини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
