Озарбайжондан муносабат: Ўзбекистон учун Покистон океанга чиқадиган потенциал транзит йўналиши сифатида қаралмоқда
Февраль 07, 2026. 12:45 • 2 дақ
• 66
БОКУ, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Озарбайжонлик сиёсатшунос ва таҳлилчи Илғор Велизаде “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи, икки давлат ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари ҳамда ривожланаётган ҳамкорлик алоқалари хусусида фикр билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи Ўзбекистоннинг сиёсий томонлама ўсиши ва Осиёнинг турли жабҳаларида таъсир кўрсатувчи минтақавий куч марказлари билан мустаҳкам, узоқ муддатли муносабатлар ўрнатиш қобилиятининг муҳим кўрсаткичидир. Покистон, шубҳасиз, шундай давлатлар сирасига киради. Бу мусулмон дунёсида катта демографик ва иқтисодий салоҳиятга эга бўлган ягона ядровий давлатдир.
Бир қатор мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлиги тажрибаси шуни кўрсатадики, агар прагматик ва пухта ўйланган муносабатлар ўрнатилса, Исломободга узоқ муддатли ва барқарор ҳамкор сифатида қараш мумкин. Шундай қилиб, Озарбайжон учун Покистон ҳарбий-техник соҳада ажралмас ҳамкорга айланди, бу ерда ҳамкорлик изчил ва кенгайиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар сифатида илгари сурилган шароитда, ушбу тажриба Тошкент учун ҳам, айниқса, мамлакатнинг ташқи сиёсий ва ҳарбий-техник алоқаларини диверсификация қилишга интилишини ҳисобга олган ҳолда, зарур бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон учун Покистон нафақат сиёсий ва мудофаа ҳамкори, балки жаҳон океанига чиқиш йўлини очадиган потенциал транзит йўналиши сифатида ҳам қизиқиш уйғотади.
Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи Тошкентнинг Боку сингари ички ва ташқи сиёсий мустақилликни сақлаб қолган ҳолда давлатнинг халқаро имижини оширишга кўмаклашувчи кўп векторли ташқи сиёсатга содиқлигини англатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
