Logo

“Asdaa Oman” газетаси: Сўнгги ўн йилда Ўзбекистоннинг экспортдан тушадиган даромади икки карра кўпайди

Январ 08, 2026. 08:15 • 3 дақ

95
“Asdaa Oman” газетаси: Сўнгги ўн йилда Ўзбекистоннинг экспортдан тушадиган даромади икки карра кўпайди

МАСКАТ, 9 январь. /“Дунё” АА/. Ўмон Султонлигининг “Asdaa Oman” газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Газетада муаллиф Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномаси ўз аҳамиятига кўра ҳар йилги мурожаатдан сиёсий жиҳатдан анча кенг бўлганини таъкидлаган.

Нашрда қайд этилишича, сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти сифатли ва тизимли янгиланишнинг жадал йўлини босиб ўтди. 2010 йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон ЯИМнинг номинал ҳажми 60-65 миллиард доллар атрофида бўлган, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич Мурожаатномада таъкидланганидек, 145 миллиард долларга етди.

Иқтисодиётнинг ўртача йиллик ўсиш суръати барқарор равишда 6 фоиз атрофида сақланиб келмоқда. Бу нафақат ижобий динамиканинг давом этаётганини, балки иқтисодиётнинг ташқи зарбалар — пандемия, хомашё ва логистика занжиридаги узилишлар ҳамда глобал инфляция шароитида ҳам барқарор ўсиш қобилиятига эга эканини англатади.

Ушбу хулосани саноат кўрсаткичлари ҳам тасдиқлайди. 2010 йилларнинг аввалида саноат хомашё ва қишлоқ хўжалиги тармоқларига нисбатан ёрдамчи ўринда турган бўлса, кейинги ўн йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми икки баравардан кўпроқ ўсди. Бугун машинасозлик, электротехника ва кимё саноати мамлакат иқтисодиётига барқарор ҳисса қўшмоқда. Қайта ишлаш тармоқларининг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши эса 80 фоиздан ошди.

Аграр секторнинг ривожланиш динамикаси ҳам диққатга сазовор. Ўн йил аввал асосий эътибор ишлаб чиқариш ҳажмига қаратилган бўлса, бугун устуворлик маҳсулотни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилишга йўналтирилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмининг ошиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортининг кенгайиши ҳосилдорлик ва нархларнинг ўзгаришига боғлиқликни камайтириб, янада барқарор ривожланиш моделини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Инвестициялар динамикаси ҳам сифат ўзгаришларини ўзида акс эттиради. Сўнгги йилларда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми юқори суръатда ўсмоқда ва ўтган даврдаги ўртача кўрсаткичлардан анча юқори даражага етди. 2010 йилларнинг бошида эса бу кўрсаткич анча паст эди. Шу билан бирга, инвестицияларнинг табиати ҳам ўзгарди: агар илгари улар асосан инфратузилма ва давлат лойиҳаларида жамланган бўлса, бугун уларнинг катта қисми саноат, энергетика, транспорт ва рақамли ечимларга йўналтирилмоқда. Яъни инвестициялар нафақат жорий ўсишга, балки келажакдаги ишлаб чиқариш базасини шакллантиришга ҳам хизмат қила бошлади.

Ташқи савдо динамикаси бу манзарани янада яққол акс эттиради. Кейинги ўн йилда Ўзбекистоннинг экспортдан тушадиган даромади икки баробардан ортиқ кўпайди: 2010 йилларнинг ўрталарида товарлар ва хизматлар экспорти ҳажми 12-13 миллиард доллар атрофида бўлган, сўнгги йилларда эса бу кўрсаткич барқарор равишда 24-25 миллиард доллардан ошмоқда. Бу ўсиш нафақат нарх конъюнктураси туфайли, балки экспорт таркибининг ўзгариши ҳисобига ҳам юз берди.

Макроиқтисодий мувозанат алоҳида эътиборга лойиқ. Иқтисодиёт ва инвестицияларнинг ўсиши давлат қарзининг назорат қилинадиган даражаси ва молиявий барқарорлик сақланиб қолган ҳолда кечди. Бу жуда муҳим. Чунки сўнгги йиллар тажрибаси тегишли мувозанатсиз жадал ўсиш кўпинча келажакдаги ривожланиш учун чекловлар тўпланишига олиб келишини кўрсатади. Мурожаатномада таъкидланишича, Ўзбекистон онгли равишда эҳтиёткорона, аммо стратегик жиҳатдан манфаатли йўналишни танлаб олган.

Умуман олганда, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси нафақат ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи кун тартибини, балки Ўзбекистоннинг келажакдаги ривожланишининг стратегик матрицасини шакллантиради. У етакчи халқаро ташкилотларнинг эмпирик маълумотлари ва баҳолари билан мустаҳкамланган бўлиб, ички консенсусни мустаҳкамлайди ва халқаро ҳамжамиятнинг ишончини кучайтиради. Айнан шу жиҳат унинг асосий аҳамиятини белгилайди — у ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминловчи ва мамлакатнинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш