“Хитой” журнали: Ўзбекистон Президенти Мурожаатномаси мамлакат тараққиётини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади
Январ 06, 2026. 18:08 • 2 дақ
• 197
ПЕКИН, 8 январь. /“Дунё” АА/. “Хитой” журнали саҳифаларида “Элдор Арипов: Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси – мамлакатни келажакда ривожлантиришнинг стратегик вектори” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси аҳамиятига кўра ҳар йилги сиёсий мурожаатнома доирасидан анча ташқарига чиқади. У мамлакат тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига – ислоҳотларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган барқарор ўсиш моделини шакллантиришга ўтишини қайд этувчи стратегик ҳужжатдир.
“Мурожаатнома мазмунининг таҳлили шуни кўрсатадики, унинг устувор йўналишлари сўнгги йилларда жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровларда, фуқароларнинг мурожаатларида барқарор қайд этилаётган муаммоларга тўлиқ мос келади. Асосий эътибор бандлик, даромадлар, ижтимоий хизматларнинг мавжудлиги, таълим ва соғлиқни сақлаш сифати, шунингдек, давлат бошқарувининг адолатлилиги ва самарадорлигига қаратилган”, деб ёзади нашр.
Агар 2017–2018 йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси икки хонали қийматлар билан ўлчанган бўлса (тахминан 35 фоиз), 2024 йилга келиб у 8,9 фоизга тушди.
2025 йилда камбағаллик даражасининг 5,8 фоизга қисқариши мамлакат нафақат йил охиригача қашшоқлик даражасини олти фоизга тушириш бўйича илгари қўйилган мақсадга яқинлашаётганидан, балки ундан ҳам ошиб бораётганидан далолат беради.
“Мурожаатномада 2030 йилгача мутлақ қашшоқликка тўлиқ барҳам бериш стратегик мақсади кўрсатилган бўлиб, бу ҳодисага қарши курашиш истиқболга мўлжалланган давлат стратегиясининг марказий йўналишларидан бирига айланди. Ушбу ютуққа аҳоли даромадларини барқарор ошириш, иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган қатор ижтимоий дастурлар ва ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши туфайли эришилди”, - дейилади мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси