“Seoul City”: Фаол ва мувозанатли ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини таъминлайди
Январ 08, 2026. 15:58 • 2 дақ
• 171
СЕУЛ, 8 январь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “Seoul City” нашрида Ўзбекистон Президентининг парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти парламент ва халққа йўллаган мурожаатида 2025 якунларини сарҳисоб қилиб, мамлакатнинг келгусида ривожланиши учун стратегик устувор йўналишларни белгилаб берган.
Ўтган йил жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва мураккаб халқаро вазиятга қарамасдан, ислоҳотларни изчил давом эттириш ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаш даври бўлди. Шу маънода, 2026 йилнинг Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани, давлат сиёсатининг инсонлар ҳаёт сифати ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга янада чуқурроқ йўналтирилишига ўтилгани алоҳида аҳамият касб этди.
Президент ўз нутқида миллий иқтисодиётни барқарор ўсишда давом этаётганини таъкидлади. 2025 йил муҳим натижалар билан якунланди. Илк бор мамлакат ялпи ички маҳсулоти 145 миллиард доллардан ошди, экспорт 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларга етди. Валюта ва олтин захиралари 60 миллиард доллардан ошди. 43,1 миллиард долларлик инвестициялар оқими саноат, энергетика ва инфратузилма соҳаларида ўнлаб йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди.
Ушбу макроиқтисодий натижалар ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришлар билан бирга кечгани алоҳида таъкидланди. Фаол иш билан бандлик сиёсати туфайли ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди, беш миллионга яқин киши барқарор даромад манбаига эга бўлди.
Бу натижалар иқтисодий барқарорликни ошириш ва ижтимоий ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган изчил ислоҳотлар натижаси бўлди. Иқтисодий ютуқлар давлатнинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ва аҳолини қўллаб-қувватлашнинг узоқ муддатли дастурларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтирди. Президент ижтимоий сиёсат фуқароларнинг аниқ эҳтиёжларига янада сезгир бўлиб бораётгани, бу эса бугунги ислоҳотлар дастурининг асосий ютуғи эканини таъкидлади.
Мурожаатномада Ўзбекистоннинг прагматик, очиқ ва узоқ муддатли миллий манфаатларга йўналтирилган ташқи сиёсий йўлига алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз фаол ва мувозанатли ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлашнинг асосий омили бўлиб қолаётганини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси