Владимир Зеленский Россия президентига йўллаган очиқ хатида юзма-юз музокаралар ўтказишни таклиф қилди
Июнь 05, 2026. 18:25 • 3 дақ
• 66
КИEВ-МОСКВА, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Украина Президенти Владимир Зеленский Россия етакчиси Владимир Путин билан шахсан учрашишни таклиф қилиб, очиқ хат орқали, тегишли ташаббус билан чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Украина Президенти ўзининг очиқ хатида зиддият яна АҚШ эътибор марказига тушишини “шунчаки кутиб ўтириш нотўғри” бўлишини айтиб, тинчликка фақатгина Украина ва Россия ўртасидаги “бевосита мулоқот орқали” эришиш мумкинлигини қўшимча қилди.
У, шунингдек, тахмин қилинаётган музокаралар вақтида ўт очишни тўлиқ тўхтатишга чақирди. “Мен учрашувнинг аниқ санасини белгилашни таклиф қиламан”, – дейилади матнда.
Давлат раҳбари уруш ва тинчлик масалаларини ҳал қилиш учун анъанавий тарзда етакчиларни қабул қиладиган давлатлар борлигини таъкидлади. “Швейцария, Туркия, араб дунёси мамлакатлари – кўпчилик бу учрашувни ўтказишга қодир ва буни истайди. Асосий масалаларни айнан етакчилар ҳал қилади – бу доим шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади”, – дея таъкидланган мактубда.
Владимир Зеленский икки томонлама музокаралар йўналишига вазиятга таъсир ўтказа оладиган ва хавфсизлик кафили сифатида иштирок эта оладиган Европадан бўлган бошқа иштирокчилар ҳам қўшилиши мумкин, деган фикрни билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил август ойида АҚШ ва Россия президентлари учрашган Анкорижда “Украина ва Европа масалалари ҳал этилмайди”.
Кремль президентнинг хатдан хабардор эканини тасдиқлади. Аввалроқ, Россиянинг “ТАСС” ахборот агентлиги томонидан журналистлар учун уюштирилган учрашувда Президент Владимир Путин Россия, шубҳасиз, Аляскадаги Россия–АҚШ музокаралари давомида эришилган асосда Украина билан тинч йўл билан келишишга тайёр эканини ва буни исташини айтган эди. Кеча АҚШ президенти Дональд Трамп икки етакчининг учрашуви “ажойиб бўларди”, дея таъкидлади.
Россиянинг кўп йиллик позицияси шундан иборатки, Украина тўртта ҳудуд – Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьедан чиқиб кетиши ҳамда НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатларидан воз кечиши керак. Украина ҳудудий ён бериш эҳтимолини инкор этди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги ойларда ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолди, халқаро ОАВ баҳосига кўра, Женева, Абу-Даби ва Истанбулда ўтган аввалги тинчлик музокаралари муваффақиятсизликка учради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Хитой БМТ Бош котиби сайлови борасидаги ўз позициясини потенциал номзод билан учрашувда маълум қилди

“Ҳизбуллоҳ” давом этаётган жанговар ҳаракатлар фонида Исроил ва Ливан ўртасида эришилган келишувни рад этди


