Владимир Кухарев: Минск учун Тошкент билан дўстона ва ишончли муносабатлар жуда қадрли
Сентябрь 05, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 201
МИНСК, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Минск шаҳар ижроия қўмитаси раиси Владимир Кухарев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
– Минск шаҳар ижроия қўмитаси ҳамда барча минскликлар номидан Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Ўзбекистон биз учун нафақат ишончли ҳамкор, балки йиллар давомида дўст бўлиб келаётган мамлакатдир. Бизни дипломатик муносабатлардан ташқари ўзаро ҳурмат ва ишонч бирлаштириб туради.
Минск учун Тошкент шаҳри билан дўстона ва ишончли муносабатлар жуда қадрли. Биз қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва халқимиз учун янги имкониятлар яратиш йўлида биргаликда ҳаракат қилаяпмиз.
Шаҳарларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари турли соҳаларни қамраб олган. Уларни ривожлантиришда асосий ҳужжатлардан бири – Минск ва Тошкентнинг 2028 йилгача бўлган ҳамкорлик йўл харитасидир.
Беларусь ва Ўзбекистон муносабатларига янги туртки берган муҳим воқеалардан бири жорий йил июль ойида Минск шаҳрида муваффақиятли ўтказилган Беларусь ва Ўзбекистон ҳудудларининг III форуми бўлди.
Бизнинг асосий эътиборимиз иқтисодий ҳамкорлик, саноат ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик, қўшма корхоналар ташкил этишга қаратилган.
Таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик, ёшлар билан ишлаш ҳам биз учун муҳим. Минск шаҳрида ўтказилган Ёш давлат хизматчиларининг III форумида ўзбекистонликлар ҳам муносиб қатнашганини эътироф этиш лозим.
Ёш мутахассислар тажриба алмашиш, давлат бошқарувининг замонавий усулларини муҳокама қилиш ва янги касбий алоқалар ўрнатиш имконига эга бўлмоқда.
Келгусида Минскнинг Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари билан ҳам ишбилармонлик ва дўстлик алоқаларини кенгайтириш, шаҳар бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш ва одамлар ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
Ўзбекистон халқига мустаҳкам соғлик, бахт, тинчлик ва янада фаровонлик тилаймиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси