Душанбеда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан расмий қабул маросими бўлиб ўтди
Сентябрь 05, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 76ДУШАНБЕ, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан расмий қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг фахрий меҳмони Тожикистон Бош вазири ўринбосари Сулаймон Зиёзода бўлди. Тадбирда, шунингдек, ташқи ишлар вазири ўринбосари Нигина Ализода ҳам иштирок этди.
Бундан ташқари, қабул маросимида Тожикистон ТИВ, вазирлик ва идоралари бўлинмалари раҳбарлари, Душанбеда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий экспертлар, ОАВ бош муҳаррирлари ва етакчи мухбирлари қатнашдилар.
Маросим икки давлат мадҳиялари ижроси билан бошланди. Сўнгра Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси қутлов сўзи билан чиқиш қилди.
Тадбир давомида катта экранда сўнгги 35 йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган ютуқларни акс эттирувчи видеоматериаллар намойиш этилди.
Қабул байрамона муҳитда ўтди. Меҳмонлар анъанавий ўзбек меҳмондўстлигини алоҳида эътироф этдилар. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва абадий қардошлик муносабатлари бундан буён ҳам мустаҳкамланиб янада ривожланиб бориши таъкидланди.
“Авеста” ахборот агентлиги раҳбари Жамшед Ульмасовнинг таъкидлашича, намойиш этилган видеоматериаллар ва дипломатик алоқалар мониторинги икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганидан далолат беради. Ушбу жараён, айниқса, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда яққол намоён бўлмоқда. Тожикистон Миллий сиёсатшунослар ассоциацияси директори Абдуғани Мамадазимов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакат мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, улкан муваффақиятларга эришганини қайд этди.
Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа ва сиёсатшунослик институти илмий ходими Виктор Ким эса Душанбедаги хорижий дипломатик ваколатхоналар орасида бу каби тадбирни биринчилардан бўлиб айнан Ўзбекистон ташкил этганини ҳамда у юқори даражада ўтганини алоҳида эътироф этди.
“Халқ овози” газетаси бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманонзоданинг таъкидлашича, “Шарқ гавҳари” сифатида эътироф этиладиган Ўзбекистон ўзининг бетакрор меъморчилиги, бой маданияти ва анъаналари билан ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳларни жалб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


