Холид Таймур Акром: Ўзбекистон 35 йиллик мустақиллик даврида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди

Август 15, 2026. 15:00 • 3 дақ

21
Холид Таймур Акром: Ўзбекистон 35 йиллик мустақиллик даврида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди

ИСЛОМОБОД, 15 август. /“Дунё” АА/. Покистонлик таниқли эксперт Холид Таймур Акром “Дунё” ААга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг 35 йиллик мустақиллик даврида эришилган улкан ютуқлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Ҳар йили Ўзбекистонда истиқлол шодиёнаси катта тантаналар билан қарши олинади. Бу йилги қутлуғ айём алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, жорий йил мамлакат ўз мустақиллигининг 35 йиллик юбилейини кенг нишонламоқда.

Ўзбекистон халқи сўнгги йилларда улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқда. Мамлакат жаҳонда ўз ўрнини топишга интилаётган янги мустақил давлатдан замонавий ва дунё ҳамжамияти учун очиқ диёрга айланди. Айниқса, 2016 йилдан кейин Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Янги Ўзбекистон” ғоясига асосланган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистондаги ўзгаришлар фақат иқтисодий ўсиш билан чекланиб қолгани йўқ. Сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштирди, халқаро ҳамкорлик ва алоқаларини кенгайтирди, тадбиркорлар ва инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди. Инфратузилма яхшиланиб, ҳукуматнинг вазифаси фақат давлатни бошқариш эмас, балки халққа хизмат қилиш асосий тамойилга айланди.

Статистик рақамларга эътибор берадиган бўлсак, мамлакат иқтисодиёти 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга ўсди. Товарлар ва хизматлар экспорти қарийб уч баробар ошди.

2023 йилда Ўзбекистонда умумхалқ референдуми ўтказилиб, Янги Конституция қабул қилинди. Янгиланган Конституцияга кўра, Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат, дея эълон қилинди. Бош қонун инсон манфаатларига йўналтирилган ёндашувни устувор қўйди, яъни халқ давлатнинг муҳим бўғинига айланди.

Ўзбекистон Марказий Осиёда жадал ривожланаётган технологик марказга айланиб бормоқда. 2025 йилга келиб, “IT Park Uzbekistan” резидентлари сони 2 800 нафардан ошди. IT хизматлари экспорти эса беш йил ичида 170 миллион доллардан қарийб 1 миллиард долларга етди. Интернет тезлиги етти баробар ошди ва 30 ёшга тўлмаган қарийб 40 минг киши ушбу соҳада юқори даромад ола бошлади.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон IT хизматлари ва дастурий таъминот экспортини 5 миллиард долларга етказиш ҳамда ушбу соҳада 300 минг нафар йигит-қиз учун иш ўринлари яратишни мақсад қилган. 2026 йилда мамлакат олий таълим тизимида сунъий интеллект лабораторияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, инновацияларнинг янги авлоди учун ҳисоблаш инфратузилмасига инвестициялар киритмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси доирасида бандлик, тадбиркорлик, таълим, касб-ҳунар, хорижий тилларни ўрганиш ва йигит-қизларнинг жамиятдаги иштирокига янада кенг имкониятлар яратиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Туризм ҳам Ўзбекистон трансформациясининг жадал ривожланаётган бир қисмидир. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар сайёҳлар учун жозибадор туристик масканларга айланди. Буни 2025 йилда Ўзбекистонга тахминан 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрганидан ҳам сезиш мумкин.

Ўзбекистон меҳмондўстлиги билан машҳур. 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон “Numbeo”нинг хавфсизлик рейтингида дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлар орасида 25-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда энг юқори натижани қайд этди.

Тарихий шаҳарлар, миллий таомлар, меҳмондўст халқ, бетакрор меъморлик ва замонавий инфратузилма Ўзбекистонни туристлар учун жозибадор манзилга айлантирди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш