Германия матбуоти Ўзбекистондаги театрлар ҳақида ёзди
Март 05, 2026. 11:27 • 3 дақ
• 63
БЕРЛИН, 5 март. /“Дунё” АА/. Германиянинг “S-Bahn Hamburgs” онлайн нашрида Ўзбекистон театрларининг бой тарихи, ноёб меъморчилиги ва бугунги кундаги ривожланиши ҳақида таҳлилий мақолаэълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада дастлаб Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрисанъат ва меъморчилик уйғунлиги намунаси сифатида эътироф этилган. Театрнинг нафақат саҳна асарлари, балки меъморий дурдоналари ҳам алоҳида таърифланган. Хусусан, театр зиналаридаги қора мармар тутқичлар ортида катта инсоний меҳнат ва тарих ётгани таъкидланади: “Ушбу ноёб мармарларни ўз вақтида ака-ука усталар – Жалол ва Болта Жўраевлар олис конлардан Тошкентга олиб келишган ва қўл меҳнати билан ишлов беришган”.
Муаллиф, театрнинг “Бухоро зали”даги ойнаванд нақшлар ва қуёш нурини акс эттирувчи панелларни юқори даражадаги маҳорат сифатида баҳолайди ва ҳар бир залдаги ўзига хос характер, айниқса, хорижлик мутахассисларда катта таассурот уйғотишини таъкидлайди.
Материалда замонавий технологиялар ва рақамли кўнгилочар платформалар ривожланган даврда ҳам Ўзбекистон театрлари ўз томошабинини йўқотмаётгани алоҳида қайд этилади. Сўнгги йилларда Навоий театрида опералар асл тилида ижро этилаётгани халқаро томошабинлар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда.
Мақола муаллифи Тошкентдаги яна бир театр — Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий театри ҳақида сўз юритган. У ушбу маданий масканни шу турдаги театрлар орасида Марказий Осиёда ягона эканини таъкидлаган.
Театрнинг ўз оркестри, балет труппаси, хори ва солистлари мавжудлиги, ҳар йили янги ва замонавий асарлар саҳналаштирилаётгани немис мутахассисининг эътиборидан четда қолмаган. Театрда ишловчи маҳоратли санъаткор Меҳмонали Салимовнинг фикрича, ўзбек томошабини саҳнадаги қаҳрамонларда ўз ҳаётининг инъикосини кўради ва бу йиллар давомида театрнинг барҳаётлигини таъминлайди.
Мақолада театр санъати фақат пойтахт билан чегараланмагани, балки вилоятларда ҳам бу борада йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани ёритилган. Хусусан, 1914 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” асари намойиши билан фаолияти бошлаган Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг тарихий аҳамияти қайд этилган.
Немис манбасининг ёзишича, бугунги кунда Ўзбекистонда жами 41 та давлат театри фаолият юритмоқда. Уларда тарихий асарлар билан бир қаторда комедия жанридаги спектакллар саҳналаштирилаётгани ва хорижлик режиссёрлар билан ҳамкорлик қилинаётгани соҳадаги ижобий ўзгаришлардан далолат беради. Энг муҳими, ўзбек театрлари эндиликда халқаро гастроль сафарларига чиқиб, жаҳон саҳналарида ўз санъатини намойиш этаётгани таъкидланади.
“Ўзбекистонда театр – бу шунчаки томоша эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жонли анъана, юксак маҳорат ва инсоний ришталар мужассам бўлган муқаддас маскандир” дея якун ясайди немис журналисти Леннарт Крюгер.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси