Logo

Туркиялик профессор ГулДУ талабаларига дарс берди

Март 04, 2026. 13:15 • 3 дақ

74
Туркиялик профессор ГулДУ талабаларига дарс берди

БАЛИКЕСИР, 4 март. /“Дунё” АА/. Туркиядаги Баликесир университети турк тили ва адабиёти кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор Бирсел Ўруч Гулистонга қилган хизмат сафари ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:

– Шу йил февраль ойида Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университети – ГулДУга дарс бериш учун таклиф қилишди. Мен бу таклифни ҳеч иккиланмай, мамнуният билан қабул қилдим. Тошкент шаҳрида мени гуллар билан илиқ кутиб олишгач, Гулистонга қараб йўл олдик.

ГулДУнинг иккинчи ва учинчи курс талабаларига турк тили фонетикаси ҳақида дарс ўтдим. Бу ерда турк тилига қизиқиш катта эканини сездим. Талабаларнинг кўпчилиги турк тилини яхши билар экан. Машғулотлар давомида видеороликлар намойиш қилдим. Талабалар Туркияда магистратурада ўқишни давом эттиришга катта қизиқиш билдирди. Дарслардан сўнг “Сирдарё” телеканалига интервью беришга ҳам улгурдим.

Гулистон Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари билан солиштирганда кичикроқ, лекин ўзига хос муҳитга эга ҳудуд экан. Бу ернинг одамлари жуда самимий. Туркий урф-одатлар ва анъаналар ҳали ҳам сақланиб қолганини кўриб хурсанд бўлдим. Ҳатто нотаниш кишиларнинг кўча-кўйда бир-бирлари билан саломлашиши, талабаларнинг ўқитувчиларга ҳурмат ва миннатдорлик билдириши кишини шодлантиради.

Университет шаҳар марказидан ўн дақиқалик масофада жойлашган. 1965 йилда ташкил этилган олий таълим муассасасида ҳозирда 30 мингга яқин талаба таҳсил олади, улардан икки мингга яқини хорижликлар. Чет эллик ёшларнинг аксарияти Ҳиндистондан келиб, тиббиётдан тортиб, ўзбек тили ва адабиётигача бўлган турли факультетларда таҳсил олмоқда. Бу таълим даргоҳида эркаклар ва аёллар учун алоҳида ётоқхоналар, замонавий ошхона, спорт майдончалари ва бошқа кўплаб қулайликлар яратилганини кўриш мумкин.

Факультетнинг томи деярли тўлиқ қуёш панеллари билан қопланган бўлиб, бу университетнинг экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланаётганини англатади.

Читайте также

Университетга кираверишда кутубхона бор. Талаба ва тадқиқотчилар жавонлардан китобларни олиб, бемалол ўрганиши учун зарур шароит яратилган. Кутубхона анча кенг, ҳар бир столда тадқиқот учун алоҳида компьютерлар ўрнатилган. Китобларни қидириш учун тегишли каталоглар шакллантирилган.

Қатағон қурбонларига бағишланган музейда совет даврида ўзбек халқининг бошқа туркий халқлар каби қатағон қилингани тасвирланган лавҳаларни кўриш мумкин. Музей ходимидан ўша давр ҳақида батафсил маълумот олдик. Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби ўзбек зиёлиларининг ўлими халқ учун жуда катта йўқотиш бўлган.

Ташрифимиз Рамазон ойига тўғри келиб, миллий ва диний анъаналарни кузатиш имконини берди. Ўзбекистонда, жумладан, олий ўқув юртларида Рамазон муҳим ой сифатида нишонланиб, мустақиллик йилларида миллий ва диний қадриятларга эмин-эркин амал қилинаётганига гувоҳи бўлдим.

Университет Россия ва Европа таълим муассасалари, шу жумладан, Туркия билан турли ҳамкорлик келишувларига эга. Унинг Баликесир университети билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини кўриб, жуда мамнун бўлдим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш