Германияда ўзбекистонлик тиббиёт ходимларига қизиқиш ортиб бормоқда

Июнь 12, 2026. 14:30 • 3 дақ

51
Германияда ўзбекистонлик тиббиёт ходимларига қизиқиш ортиб бормоқда

БЕРЛИН, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Deutsche Welle” медиаконцерни ва “Ost-West” телеканалида Ўзбекистондан малакали тиббиёт ходимларини жалб этиш имкониятларига бағишланган мақолалар эълон қилинди ва эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Немис ОАВда таъкидланишича, Германияда кексалар ва беморларни парваришлаш соҳасида мутахассислар етишмовчилиги меҳнат бозорининг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Германия Федерал меҳнат агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда ушбу йўналишда 32,6 мингдан ортиқ штат бирлиги бўш қолган. Шу боис мамлакат клиникалари ва тиббиёт муассасалари кадрлар танқислигини юмшатиш мақсадида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик имкониятларини фаол ўрганмоқда.

“Ost-West” телеканали мазкур мавзуни Германия соғлиқни сақлаш тизимида барқарор кадрлар сиёсатини шакллантириш зарурати билан боғлиқ ҳолда ёритди. Қайд этилишича, тиббиёт муассасаларининг узлуксиз ва сифатли фаолият юритиши нафақат молиявий имкониятлар, балки малакали ходимлар билан таъминланганлик даражасига ҳам бевосита боғлиқ.

“Deutsche Welle” нашрининг ёзишича, 2024 йилда Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция ва мобиллик соҳасидаги шериклик тўғрисида келишув имзолангани икки давлат ўртасида легал, тартибли ва ўзаро манфаатли меҳнат мобиллигини ривожлантириш учун муҳим асос яратган. Бу, хусусан, тиббиёт ва парвариш соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш имконини бермоқда.

Шунингдек ўқинг

Росток университет клиникаси вакилларининг фикрича, Ўзбекистон ёш демографик салоҳияти, тиббиёт соҳасида тайёрланган кадрлари ва касбий миграцияни тизимли ташкил этиш имкониятлари билан Германия томони учун қизиқиш уйғотмоқда. 2025 йил февралида клиника вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатда тиббий кадрлар тайёрлаш тизими билан танишган. Ташриф якунида Ўзбекистондаги таълим базаси Германия клиник парвариш тизими талабларига мос келиши, шу билан бирга, айрим йўналишлар бўйича қўшимча тайёргарлик зарурлиги қайд этилган.

Бошланган ҳамкорлик доирасида Росток университет клиникаси 2026 йилда Ўзбекистондан 20 нафар дипломли тиббиёт ходимини қабул қилишни режалаштирмоқда. Номзодлар танлаб олинган ва айни пайтда немис тили бўйича тайёргарликдан ўтмоқда. Биринчи гуруҳ ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг жорий йил август ойида Германияга келиши кутилмоқда. Дастур доирасида тил билими, касбий малака, Германия соғлиқни сақлаш тизими стандартларига мослашиш ва малакани тан олиш жараёнларидан муваффақиятли ўтиш муҳимлиги кўрсатилмоқда.

“DW” эълон қилган мақолада “NoVo Agency” агентлиги фаолияти ва Германияда иш бошлаган ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари тажрибаси ҳам мисол тариқасида келтирилган. Таъкидланишича, бундай дастурлар ёш мутахассисларга халқаро тажриба орттириш, замонавий клиник муҳитда ишлаш ва касбий ўсиш имкониятини яратади.

“Ўзбекистоннинг демографик салоҳияти, тиббий таълим тизими ва Германия билан мавжуд ҳуқуқий ҳамкорлик асослари меҳнат мобиллиги, соғлиқни сақлаш ва касбий таълим соҳаларида узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш учун муҳим замин яратмоқда”, шундай якун ясайди немис ОАВ.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш