Германиянинг Гиссен шаҳрида “Uzbek Haus” номли ўзбек ресторани очилди
Февраль 17, 2026. 15:09 • 2 дақ
• 54ГИССЕН, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги бош консулхонаси томонидан Гиссен шаҳрида ўзбек адабиётининг буюк намояндалари — 585 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу учрашувда ўзбек диаспораси вакиллари, жамоат фаоллари, Германия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ҳамда юртимиз тарихи ва маданиятига қизиқиш билдирган меҳмонлар иштирок этди.
Бош консул Мироншоҳ Раупов Навоий ва Бобурнинг бебаҳо илмий-адабий мероси нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон цивилизацияси ривожида ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Уларнинг инсонпарварлик, адолат, маърифат ва Ватанга садоқат ғоялари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этиши қайд этилди. Хорижда яшаётган ватандошлар ўртасида ўзбек тил ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Навоий ва Бобур асарларидан шеърлар ўқилди, уларнинг ижодидан парчалар янгради. Айниқса, ёшлар томонидан намоён этилган фаоллик ва миллий адабиётга бўлган ҳурмат барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тантанали учрашувнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида Гиссен шаҳрида “Uzbek Haus” номли ўзбек рестораннинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ушбу маскан ватандошлар учун доимий мулоқот ва учрашув жойига айланди. Бу ерда Ўзбекистонга бағишланган маънавий-маърифий кечалар, адабий учрашувлар, тақдимотлар ва маданий тадбирлар мунтазам ташкил этилиши режалаштирилган.
“Uzbek Haus” миллий анъаналар ва урф-одатларни тарғиб қилиш, ўзбек миллий таомларини намойиш этиш орқали юртимизнинг бой маданий меросини Германия жамоатчилигига кенгроқ танитишга хизмат қилади.
Иштирокчилар мазкур ташаббус ватандошларнинг бирлашувига, уларнинг Ватан билан маънавий алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳамда Ўзбекистоннинг ижобий имижини халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





