Ўзбекистон ТИВ раҳбари МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этди
Октябрь 07, 2026. 20:25 • 2 дақ
• 35ТОШКЕНТ, 7 октябрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Туркманистонда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Бугун Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этдик, – деб ёзди Бахтиёр Саидов ўзининг telegram-каналида. – Тор ва кенг доирада бўлиб ўтган мулоқотларимиз давомида ҳамкасбларимиз билан халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар, шунингдек, МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашдик.
МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик масалаларини батафсил муҳокама қилдик.
Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, самарали транспорт ва логистика занжирларини шакллантириш, гуманитар ва ёшлар алмашинувларини фаоллаштириш, рақамли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашиш бўйича қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурдик”.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


