Наоя Шибамура: Ўзбекистон спортчиларининг қўлга киритган юксак натижаларидан жуда мамнун бўлдим
Октябрь 08, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 54
ТОКИО, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон футбол чемпионатида тўп сурган илк япониялик футболчи, ҳозирда “FC Ryukyu” клуби ижроия директори бўлиб фаолият юритаётган Наоя Шибамура Япониянинг Айчи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтган XX ёзги Осиё ўйинларида юртимиз спорт делегациясининг муваффақиятли иштироки ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўтмишда Ўзбекистонда профессионал футболчи сифатида тўп сурган инсон сифатида Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг иштирокини диққат билан кузатиб бордим. Улар қўлга киритган юксак натижалардан жуда мамнун бўлдим”, – дейди у.
Наоя Шибамура эркаклар футболи бўйича Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасидаги ярим финал учрашувига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистон футболчилари Японияга қарши 1:1 ҳисобида якунланган ўйинда жуда кучли ва тенг кураш олиб борди. Пенальтилар сериясида мағлубиятга учраган бўлса-да, жамоанинг юқори даражадаги уюшқоқлиги, тактикаси, ҳар бир ўйинчининг индивидуал маҳорати ва охиригача матонат билан курашгани менда катта таассурот қолдирди”, – дея таъкидлади япониялик футболчи.
У Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров билан Ўзбекистон чемпионатида рақиб сифатида майдонга тушгани ва у билан яқиндан таниш эканини ҳам эслаб ўтди.
“Ҳайдаров доимо кучли, ҳаракатчан ва жанговор жамоа шакллантира оладиган, юксак мураббийлик маҳоратига эга ажойиб мутахассис”, – деди Наоя Шибамура.
Япониялик футбол мутахассиси Ўзбекистон спортчиларининг Осиё ўйинларидаги муносиб иштирокига юксак баҳо бериб, мамлакат спортининг келгусида янада муваффақият қозонишига омад тилади.
Наоя Шибамура 2012–2013 йилларда “Пахтакор” ва “Бухоро” жамоаларида фаолият юритган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси