Ўзбекистонлик кино ижодкорлар Беларусдаги “Yevraziya.DOC” фестивалида иштирок этди
Октябрь 08, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 66
МИНСК, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонлик киноижодкорлар Минск ва Смоленскда ўтказилган МДҲ давлатларининг “Yevraziya.DOC” X халқаро ҳужжатли фильмлар фестивалида ўз ижод намуналари билан қатнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу йилги юбилей фестивалга дунёнинг 17 давлатидан рекорд даражадаги 413 та ариза келиб тушди. Якуний шорт-лист дастуридан 34 та кинолента жой олди.
Ўзбекистон фестивалга иккита картина тақдим этди. Режиссёр Сергей Ежковнинг “Ғалаба қиёфалари. Қалблар ҳарорати. Ўзбекистон қамалдаги Ленинград болалари учун қандай қилиб иккинчи уйга айланди” ҳамда Адҳамжон Абдураҳмоновнинг “Сиз ёлғиз эмассиз” қисқа метражли фильмлари намойиш қилинди.
Сергей Ежков фильми қамалдаги Ленинграддан эвакуация қилинган, иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон оилалари томонидан қабул қилинган болалар тарихига бағишланган. Кино асар инсонпарварлик ва тарихий хотирани асраб-авайлаш мавзусига қаратилган.
“Сиз ёлғиз эмассиз” фильми қисқа метражли фильмларнинг махсус дастурига киритилган бўлиб, замонавий ижтимоий ташаббуслар, меҳр-оқибат ва инсоний қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳикоя қилади.
Кино намойишларидан ташқари, Ўзбекистон вакиллари бугунги кунда дунёда рўй бераётган зиддиятлар, МДҲ мамлакатларида қўшма кино ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ҳужжатли кинода янги технологиялар, жумладан, нейрон тармоқларни қўллашга бағишланган давра суҳбатлари ва муҳокамаларда иштирок этди.
Ўзбекистонлик киноижодкорларнинг фестивалдаги иштироки МДҲ мамлакатлари кино саноати вакиллари билан касбий алмашинув ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш майдонига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси