“Al-Khabar Al-Youm”: Миср компаниялари Ўзбекистон орқали Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятини ўрганмоқда

Октябрь 08, 2026. 15:00 • 2 дақ

• 43
“Al-Khabar Al-Youm”: Миср компаниялари Ўзбекистон орқали Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятини ўрганмоқда

ҚОҲИРА, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Al-Khabar Al-Youm” нашрида Миср Савдо ваколатхонасининг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Мисрнинг Истанбулдаги Савдо ваколатхонасининг Тошкентга хизмат сафари амалга оширилган. Ташриф доирасида Миср делегациясининг Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестициялар агентлиги, махсус индустриал зоналар ҳамда енгил саноатни ривожлантиришга масъул идоралар вакиллари билан қатор учрашувлари ташкил этилди.

Мулоқотлар жараёнида саноат, инвестиция ва савдо соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари, мавжуд лойиҳалар ва имтиёзлар муҳокама қилинди.

Хусусан, Тошкентдаги Туркиянинг “OSTIM” махсус индустриал зонаси фаолияти ўрганилиб, унинг саноат ва инвестицияларни жалб этиш тажрибасидан Ўзбекистон–Миср ҳамкорлигида фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Мақолада ёзилишича, музокаралар чоғида икки мамлакат компаниялари иштирокида, тегишли вазирлар иштирокида Миср–Ўзбекистон бизнес-форумини ўтказишга келишилди. Форум доирасида инвестиция ва савдо имкониятларини тақдим этиш, B2B форматида учрашувлар ўтказиш ҳамда қўшма лойиҳаларни шакллантириш режалаштирилган.

Бизнес-форумда асосий эътибор тўқимачилик ва кийим-кечак, фармацевтика, қурилиш материаллари ва пудрат ишлари каби устувор тармоқларга қаратилади.

Миср томони Ўзбекистоннинг жадал иқтисодий ўсиши ва Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқалари уни Миср компаниялари учун минтақавий бозорларга чиқишда муҳим кўприкка айлантираётганини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш