Гёкхан Генжтурк: Ўзбекистонга жуда ишонамиз, шу боис иккиланмасдан сармоя киритяпмиз
Июнь 21, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 44
ТОШКЕНТ, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этган Туркиянинг “Bulutistan” компанияси бош менежери Гёкхан Генжтурк “Дунё” АА мухбирига форум ҳақида ўз фикрларини баён этди:
– Биз бу ерга, аввало, янгиликларни кузатиш учун келдик. “Bulutistan” компаниямиз “Sabancı Holding”нинг шўба корхоналаридан бири бўлиб, технология соҳасида фаолият юритади.
Ўзбекистонга жуда ишонамиз. Сўнгги пайтларда мамлакат ҳар соҳада тараққий этмоқда ва биз бу жараённинг бир қисми бўлишни истаймиз. Илгари ҳам бу ерга сармоя киритганмиз. Энди эса уларни янада кўпайтириш ва кенгайтиришни, қайси йўналиш ва соҳаларга сармоя киритиш мумкинлигини аниқлашни режалаштирмоқдамиз. Форумда ҳам айнан шу масалаларни ўрганиш мақсадида иштирок этдик.
Компаниямиз вакиллари кўпроқ технология йўналишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатингизда бу соҳада жуда катта имкониятлар мавжуд. Дунёда булутли технологиялар тобора ривожланиб бормоқда ва биз Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда ўсиш кузатилаётганини кўрдик.
Ушбу форум доирасида биз маҳаллий университетлар билан булутли технологиялардан фойдаланиш бўйича меморандум имзоладик. Насиб қилса, биз Ўзбекистон олий таълим инфратузилмасини ривожлантириш, уни кенгайтириш ва рақамлаштиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Кузатишларимга кўра, бу ерда барча соҳалар етарлича ривожланган, компаниялар сармоя киритиши учун ажойиб муҳит мавжуд. Шу боис, инвесторларга ҳеч иккиланмасдан Ўзбекистонга келишни тавсия қиламан.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси