Элчи Риза Пода: Тошкент инвестиция форуми Албания–Ўзбекистон муносабатларда янги босқични бошлаб берди

Июнь 21, 2026. 16:30 • 2 дақ

94
Элчи Риза Пода: Тошкент инвестиция форуми Албания–Ўзбекистон муносабатларда янги босқични бошлаб берди

ПЕКИН, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Албаниянинг Хитойдаги элчиси Риза Пода “Дунё” ААга V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Албания–Ўзбекистон муносабатлари динамикасида янги тарихий босқич бошланаётганини чин дилдан олқишлайман. Мамлакатларимиз ўртасида нисбатан суст кечаётган ҳамкорлик V Тошкент халқаро инвестиция форуми ортидан янги суръат касб этди.

Шубҳасиз, Албания Президенти Байрам Бегайнинг Ўзбекистонга ташрифи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган очиқ ва дўстона сиёсат туфайли амалга ошди.

Ўзбекистон етакчиси бошлаб берган ислоҳотларнинг муваффақияти ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг амалга оширилиши халқаро майдонда, жумладан, Европа мамлакатларида ҳам кенг эътироф этилмоқда. Натижада, ўтган йили Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг янги таҳрири имзоланди.

Шунингдек ўқинг

Тиранада кутилганидек, Ўзбекистон ва Албания президентларининг илк учрашуви ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб берди. Хусусан, савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергетика ва туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш мақсадида Ҳукуматлараро комиссия тузиш зарурати таъкидланди.

Шу билан бирга, Албаниянинг Дуррес портидан логистика маркази сифатида фойдаланиш Ўзбекистон маҳсулотларининг Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига кенг чиқишини таъминлайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Албания маҳсулотларининг Марказий Осиё бозорларига кириб боришида муҳим кўмакчи бўлиши мумкин.

Ташрифнинг асосий воқеаларидан бири Байрам Бегайнинг V Тошкент халқаро инвестиция форуми ишида иштирок этганидир. Ушбу тадбирга бир вақтнинг ўзида қатор юқори мартабали хорижий делегацияларнинг ташриф буюргани ТХИФнинг халқаро нуфузи тобора юксалиб бораётганидан яққол далолат беради.

Муболағасиз айтиш мумкинки, мазкур форум доирасида Албания томони Ўзбекистоннинг инвестициявий ва иқтисодий салоҳияти ҳақида кенг маълумотга эга бўлди. Бу эса Албания ишбилармон доиралари эътиборини жалб қилиш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш