“Oman Observer”: Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлиги янги транспорт йўлаклари орқали кенгаймоқда
Июнь 21, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 3
МАСКАТ, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Ўмоннинг “Oman Observer” газетасида таниқли иқтисодий таҳлилчи Юсуф ал-Балушининг Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва логистика занжирлари қайта шаклланаётган бир даврда Ўмон ва Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Жанубий Осиё ва Марказий Осиёни боғловчи янги мультимодал транспорт йўлакларини барпо этишда устувор аҳамият касб этувчи муҳим тугунларга айланмоқда.
Муаллиф V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида эришилган келишувларни юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг транзит салоҳияти ошиши Яқин Шарқ, хусусан, Форс кўрфази давлатлари учун янги иқтисодий имкониятларни очишини таъкидлаган.
Юсуф ал-Балуши мақолада Ашхобод келишуви (Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Ўмон) доирасидаги транспорт йўлагининг стратегик аҳамиятига алоҳида тўхталган. Қайд этилишича, ушбу халқаро йўналиш Марказий Осиё давлатларига Ўмоннинг Сўҳар ва Дуқм каби йирик денгиз портлари орқали жаҳон бозорларига, Ҳинд океани ва Шарқий Африкага энг қисқа ва хавфсиз йўл билан чиқиш имконини беради.
Иқтисодчи таҳлилчи икки томонлама муносабатларнинг институционал пойдеворига ҳам эътибор қаратган. Мақолада Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик, хусусан, қўшма инвестиция компанияси “UzOman” фаолияти юртимизда қишлоқ хўжалиги, логистика, кимё саноати ва юқори технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим молиявий кўприк вазифасини ўтаётгани эътироф этилган.
Хулоса ўрнида муаллиф Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий диверсификация ислоҳотлари ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар хорижий сармоядорлар, жумладан, Ўмон ишбилармон доиралари учун кафолатланган ва ишончли инвестиция муҳитини яратаётганини қайд этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси