Хань Хуа: Ўзбекистон барқарор тараққиёт йўлида янги ютуқларни қўлга киритишда давом этмоқда
Август 03, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 9
ПЕКИН, 3 август. /“Дунё” АА/. Пекин халқаро мулоқот клуби бош котиби Хань Хуа Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё”АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
– Аввало, Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида меҳмондўст ва меҳнаткаш ўзбек халқига самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Сўнгги бир ярим йил ичида икки марта Ўзбекистонда бўлиш имконига эга бўлдим. Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига қилган сафарларим менда унутилмас таассурот қолдирди.
Мамлакатда иқтисодиёт, саноат, таълим, спорт ва бошқа соҳалар изчил ривожланаётгани, ёшларнинг билимли, ташаббускор ва ғайратли экани алоҳида эътиборимни тортди. Қадимий Ипак йўли мероси замонавий тараққиёт билан уйғунлашганини яққол кўриш мумкин.
Хитой сингари, Ўзбекистон ҳам инсон манфаатларига йўналтирилган тараққиёт тамойилига амал қилиб, инсон капиталига сармоя киритишга катта аҳамият бермоқда. Қишлоқ ҳудудларида янги саноат тармоқлари шаклланмоқда, рақамли иқтисодиёт жадал ривожланмоқда, мамлакат эса тобора замонавий ва рақобатбардош давлатга айланиб бормоқда.
Ўзбекистон бугун нафақат минтақада, балки глобал иқтисодий жараёнларнинг ҳам фаол иштирокчиси сифатида намоён бўлмоқда. Инвестициялар, ташқи савдо ва халқаро ҳамкорликни ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсати билан уйғун олиб бориш мамлакатнинг келажагига бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Хитой ва Ўзбекистонни кўп асрлик дўстлик ва қадимий Ипак йўли тарихи боғлаб туради. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч янада мустаҳкамланиб, қишлоқ хўжалиги, қашшоқликни қисқартириш, юқори технологиялар ва таҳлилий марказлар ўртасидаги ҳамкорлик изчил кенгаймоқда.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан яна бир бор Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва янада юксак тараққиёт тилайман.
Ишонаманки, мамлакат ўзининг барқарор ривожланиш йўлида янги, янада улкан ютуқларни қўлга киритади, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстлик муносабатлари эса изчил мустаҳкамланиб боради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси