Новосибирскдаги Мурувват уйида яшаб келган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳужжатлари тикланди
Август 03, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 50
НОВОСИБИРСК, 3 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Сибирдаги Мурувват уйида истиқомат қилаётган икки нафар ватандошимизга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини тантанали равишда топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳамюртларимиз Т.У. ва С.М. бахтсиз ҳодисалар оқибатида ногирон бўлиб қолган ва тақдир тақозоси билан Новосибирск шаҳридаги Мурувват уйидан паноҳ топган эди.
Ватандошлар 2018 йилдан буён яшаб келаётган Мурувват уйидан 2026 йил март ойида Бош консул томонидан мутлақо тасодифан топилган. 2018 йилдан бери ушбу ҳудуднинг ижтимоий хизмат идоралари Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонасига Т.У. ва С.М.нинг аввал йўқотилган ҳужжатларини тиклаш ҳамда шахсини аниқлаш масаласида бирор марта ҳам мурожаат қилмаган.
Консулхона вакиллари 2026 йил март ойида Мурувват уйига ташриф буюриб, бу ердаги юртдошлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказди. Шундан сўнг, Бош консулхона нафақат уларнинг шахси ва фуқаролигини аниқлаш, балки улар учун Ўзбекистон Республикасининг зарур ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли чораларни кўришга киришди.
Айни пайтда ватандошларнинг кейинги тақдири Ўзбекистон Бош консулхонасининг алоҳида назоратига олинган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси