“Pakistan Today” газетаси: Ўзбекистон–АҚШ маданий-маърифий йўналишда янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширмоқда
Август 02, 2026. 13:30 • 3 дақ
• 98
ТОШКЕНТ, 2 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan Today” газетасида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқаларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистоннинг очиқ ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсати натижасида халқаро маданий алоқалар сезиларли даражада кенгайди. Ўзбекистон Президенти томонидан маданий дипломатиянинг ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиши мамлакатнинг халқаро маданий майдонда муносиб ўрин эгаллашига замин яратди.
Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида маданият, таълим, илмий алмашинув, маданий меросни асраш ва ривожлантириш каби йўналишлардаги ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг ажралмас қисмига айланди.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги маданий алоқалар муттасил фаоллашди. Хусусан, Тошкентда америкалик дирижёрлар, мусиқачилар ва профессорлар иштирокида ўтказилган концертлар ҳамда маҳорат дарслари икки мамлакат мусиқий мактаблари ўртасида тажриба алмашинувининг янги саҳифасини очди. Шунингдек, Самарқандда бўлиб ўтган XI халқаро “Шарқ тароналари” фестивалида АҚШнинг “Gina Chavez Band” жамоаси фаол иштирок этди.
Нашрда Ўзбекистон–АҚШ маданий ҳамкорлигининг яна бир муҳим йўналиши сифатида таълим соҳасидаги алоқалар эътироф этилган.
“2017 йилда Мичиган давлат университети Мусиқа коллежи педагоглари Ўзбекистон давлат консерваториясида маҳорат дарсларини ўтказди. 2022 йилда эса Р.Глиэр номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактаби билан Миннесота штатидаги Bemidji State University ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу ёш санъаткорлар учун янги имкониятлар эшигини очди”, – дея қайд этилган материалда.
Мақолада 2019 йилда АҚШ томонидан ажратилган 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги давлат гранти ҳисобига Хивада жойлашган Тошҳовли саройини реставрация қилиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилган.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Хива шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Наманганда ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО шафелигида ташкил этилган III Халқаро мақом санъати анжуманида АҚШ вакилларининг иштирок этиши миллий номоддий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилди.
Жорий йилда ана шундай муҳим учрашувлардан бири – Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ маданият вазирларининг учрашуви Тошкентда ташкил этилди. Мазкур учрашувда томонлар ижодий саноат, рақамли лойиҳаларни ривожлантириш, касбий тажриба алмашиш, шунингдек, кино, театр, адабиёт ва мусиқа соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси