“Diplomatic Affairs”: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўламли стратегик шерикликка айланмоқда

Июль 30, 2026. 13:00 • 2 дақ

71
“Diplomatic Affairs”: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўламли стратегик шерикликка айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 30 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Diplomatic Affairs” нашрида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экологик ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг экологик дипломатия доирасидаги ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланган. 2023 йил декабрь ойида Дубай шаҳрида бўлиб ўтган “COP28” доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари вазирлари учрашувида ресурслардан самарали фойдаланиш, барқарор ривожланиш ва айланма иқтисодиёт масалалари муҳокама қилинди.

2024 йилда Бокуда ўтказилган “COP29” конференцияси Ўзбекистон ва Озарбайжон экологик ҳамкорлигининг муҳим босқичига айланди. Айнан Ўзбекистон миллий павильонида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар экология вазирларининг тарихдаги илк учрашуви ўтказилди. Якунда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган декларация имзоланди.

Шунингдек ўқинг

Давлатлар ўртасидаги шериклик келишувлари доирасида Осиё тараққиёт банки томонидан “Музликлардан фермер хўжаликларигача” минтақавий дастури ишга туширилди. Ушбу ташаббус Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Покистон ҳудудларида музликларнинг эриши оқибатларини юмшатиш, сув ресурсларини комплекс бошқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий инфратузилманинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

2023–2024 йилларда озарбайжонлик ёш эколог фаоллар Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро экологик оромгоҳда фаол иштирок этди. Ушбу лойиҳа ёшлар ўртасида экологик маданиятни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мутахассислар фикрича, икки мамлакат ўртасидаги экологик ҳамкорликни янада кенгайтириш учун бир қатор истиқболли йўналишлар мавжуд. Хусусан, Озарбайжон ҳаво сифати мониторинги ва “яшил” инфратузилмани ривожлантириш борасида катта тажрибага эга. Шу сабабли “яшил” урбанизация, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш ва экологик мониторинг тизимлари бўйича тажриба алмашиш икки томон учун ҳам фойдали бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш