“Reuters” АА: Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда

Июнь 19, 2026. 13:00 • 2 дақ

111
“Reuters” АА: Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда

ЛОНДОН, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “Reuters” ахборот агентлигида Тошкентда ўтказилган нуфузли халқаро инвестиция форуми якунлари ҳамда унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган стратегик ташаббусларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Reuters”да ёзилишича, шиддат билан ривожланаётган Ўзбекистонда иқтисодий янгиланишларнинг янги босқичи бошланмоқда.

“Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган, тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали шерикликка тайёр инвесторлар учун доимо очиқмиз”, – дея давлатимиз раҳбарининг форумнинг очилиш маросимидаги нутқидан иқтибос келтирилган нашрда.

Мақолада катта эътибор мамлакатимизда инглиз умумий ҳуқуқи асосида фаолият юритадиган эркин савдо ҳудуди – Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилиши ҳақидаги баёнотга қаратилган. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур марказда фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мулк солиғи ва божхона тўловлари ноль фоиз даражасида белгиланишини эълон қилди.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, капиталнинг эркин ҳаракатланиши ҳамда исталган валютада тўловларни амалга ошириш имконияти сўзсиз кафолатланиши, замонавий молиявий технологиялар, рақамли активлар ва “яшил” молиялаштириш тизими йўлга қўйилиши алоҳида урғуланган.

Британия нашри Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий кўрсаткичларига ҳам юқори баҳо берган. Аҳолиси 40 миллион нафарга яқинлашиб бораётган ва минтақада демографик устунликка эга бўлган Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йил якунларига кўра 7,7 фоизлик юқори ўсиш суръатини қайд этган. Бунда мамлакатнинг ёш, фаол аҳолиси ва дунё бозорида олтин нархининг юқорилиги иқтисодий барқарорликни таъминловчи асосий драйверлар сифатида кўрсатилган.

Мақола хотимасида Ўзбекистоннинг глобал молия бозорларига интеграциялашуви изчил давом этаётгани эътироф этилади. Хусусан, жорий йилнинг май ойида Лондон фонд биржасида давлат компанияларининг миноритар улушлари муваффақиятли жойлаштирилгани, бу эса мамлакат тарихидаги 2021 йилдан кейинги энг йирик IPO (акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш) бўлгани таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш