“Orta Lectura”: Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг стратегик ривожланишини намоён этмоқда
Июнь 19, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 96
МАДРИД, 19 июнь /“Дунё” АА/. Испаниянинг “Orta Lectura” таҳлилий-янгиликлар портали асосчиси ва директори Колдо Салазарнинг V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясини модернизация қилиш “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги муҳим ривожланиш лойиҳалари қаторига киради. Ушбу ташаббусдан кўзланган асосий мақсад мамлакатнинг стратегик географик жойлашувидан фойдаланиб, Тошкент халқаро аэропортини Евроосиёнинг етакчи транспорт марказларидан бирига айлантиришдир.
Бу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва геосиёсий ролини мустаҳкамлаб, уни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим боғловчи бўғинга айлантиради.
“Orta Lectura”да ёзилишича, Тошкент қулай географик ўрин ва улкан демографик салоҳиятга эга. Бу эса узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам замин яратади. Шу боис V Тошкент халқаро инвестиция форумида муҳокама қилинаётган ислоҳотлар барқарор келажакни шакллантиришга ва келгуси авлодлар эҳтиёжларини қондиришга қаратилган.
Модернизация дастури авиация соҳасини ривожлантиришдан ташқари инфратузилма, кончилик саноати, сунъий интеллект, ўғитлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва илғор технологияларни жорий этишга йўналтирилган сармояларни ҳам қамраб олади. Бу ташаббуслар биргаликда мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва унинг минтақадаги асосий ўйинчилардан бири сифатидаги ўрнини кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси