Мундиалдаги тарихий дебютни хориждаги ватандошлар биргаликда томоша қилишди
Июнь 19, 2026. 12:00 • 2 дақ
•ТОШКЕНТ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионатидаги илк ўйини муносабати билан Нью-Йорк, Астана ва Пекин шаҳарларида ватандошлар иштирокида турли учрашувлар ҳамда ўйинни жамоавий кузатиш тадбирлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси томонидан БМТ Котибиятининг юқори лавозимли вакиллари, ташкилотга аъзо давлатлар дипломатик миссиялари раҳбарлари, дипломатик корпус ва БМТ халқаро ходимлари иштирокида махсус тадбир уюштирилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинини биргаликда кузатиб, жамоанинг дунё биринчилигидаги иштироки тарихий аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.
Марказий Осиё давлатлари вакиллари ўзбек футболчиларини фаол қўллаб-қувватлаб, ушбу муваффақият бутун минтақа учун фахр-ифтихор манбаи эканини алоҳида таъкидлади. Тадбир давомида спортнинг халқлар ўртасида дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим восита эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Остона шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда эса ватандошлар, ўзбек миллий-маданий марказлари вакиллари, тадбиркорлар, талабалар ва қозоғистонлик футбол мухлислари жам бўлди. Йиғилганлар учун Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги баҳснинг жамоавий трансляцияси ташкил этилди.
Пекин шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси Хитойда истиқомат қилаётган ва вақтинча бўлиб турган ватандошларнинг учрашувини уюштирди. Тадбирда Хитой олий ўқув юртлари талабалари, ўзбек диаспораси вакиллари ва хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш ва спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Юртимиз спортчиларининг халқаро майдонлардаги ютуқлари янги авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш борасидаги изчил давлат сиёсатининг амалий натижаси эканлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, тадбир қатнашчилари элчихона ҳудудида ўрнатилган катта LED экран орқали Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилди. Миллий терма жамоани қўллаб-қувватлаш учун махсус тайёрланган либосларни кийган ватандошларимиз бутун ўйин давомида ўзбек футболчиларига юксак иштиёқ билан далда бериб турди.
Ўтказилган ушбу тадбирлар Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги тарихий иштирокига бўлган қизиқиш нақадар юқори эканлигини яна бир бор намойиш этди ва хориждаги юртдошларимизни миллий жамоамиз атрофида жипслаштирувчи муҳим майдонга айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


