Озарбайжонда ўзбек шоирининг китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Июль 23, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 93БОКУ, 23 июль. /“Дунё” АА/. Озарбайжонда ўтказилган Туркий дунё ижодкорларининг 2-фестивали доирасида таниқли ўзбек шоири Шуҳрат Орифнинг озарбайжон тилида нашр этилган “Мактубдир умрим” номли китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу фестиваль Ағдам шаҳридаги Муғом марказида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбирда Дунё ёш турк ёзувчилари бирлиги раиси, шоир ва публицист Интиқом Яшар, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Салим Бабуллаўғли иштирок этди.
Шунингдек, учрашувда Анқара Ижтимоий фанлар университети ректори Мусо Козим Арижан, Туркия Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммед Энес Кала, Туркманистон Маданият вазирлиги вакили Акмурод Ражабов ҳамда туркий дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган адабиёт ва маданият намояндалари ҳам қатнашди.
Сўзга чиққанлар Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий-маданий алоқалар сўнгги йилларда янада ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Шуҳрат Ориф ижодининг озарбайжон китобхонларига тақдим этилишини икки қардош халқнинг муштарак маънавий қадриятларини тарғиб этиш йўлидаги муҳим воқеа сифатида баҳолади.
Ижодкорлар мазкур нашр туркий дунёнинг адабий интеграцияси, ўзаро таржима анъаналарининг бойиши ва маданий ҳамкорликнинг кенгайишига катта ҳисса қўшишини қайд этди.
“Мактубдир умрим” китоби Озарбайжондаги Дунё ёш турк ёзувчилари бирлиги ҳамда “Ҳудудий ҳуқуқий ва иқтисодий маърифат” жамоат бирлашмасининг ҳамкорликдаги лойиҳаси доирасида тайёрланган.
Лойиҳанинг асосий мақсади туркий дунёнинг муштарак маънавий меросини тарғиб қилиш, Озарбайжон–Ўзбекистон адабий алоқаларини янада мустаҳкамлаш, замонавий ўзбек шеъриятини озарбайжон китобхонларига таништириш ҳамда туркий халқлар ўртасидаги адабий-маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлди.
Тақдимот маросимида Шуҳрат Ориф ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди, китобдан намуналар ўқилди ҳамда ушбу нашр туркий дунёнинг маданий ҳаётига муносиб ҳисса экани алоҳида эътироф этилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар муаллифни самимий табриклаб, мазкур китоб Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида янги адабий лойиҳалар ҳамда маданий ҳамкорликнинг янада ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



