Муҳаммад Саид Амур ал-Ҳажарий: Ўзбекистон тарихий меросни замонавий технологиялар асосида тақдим этишда ёрқин намунадир

Июль 21, 2026. 15:00 • 2 дақ

171
Муҳаммад Саид Амур ал-Ҳажарий: Ўзбекистон тарихий меросни замонавий технологиялар асосида тақдим этишда ёрқин намунадир

МАСКАТ, 21 июль. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 7–11 июль кунлари ISESCO билан ҳамкорликда “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида бўлиб ўтган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми иштирокчиси, Ўмон Султонлиги Давлат кенгаши аъзоси, сенатор доктор Муҳаммад Саид Амур ал-Ҳажарий ўзининг “Х” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида анжуман ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сенаторнинг таъкидлашича, дунёнинг 80 мамлакатидан дин арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, мутафаккирлар ва экспертлар қатнашган ушбу нуфузли анжуман цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда бағрикенглик ва маърифат ғояларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўмонлик мартабали меҳмон форум давомида Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси меросини замонавий ёндашув асосида намоён этиш тажрибаси билан яқиндан танишганини билдирди. Унинг фикрича, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Самарқанд ва Термиздаги илмий-маърифий масканлар буюк аждодлар меросини янги авлодга етказиш ҳамда тарихни замонавий технологиялар ёрдамида жозибадор шаклда тақдим этишнинг ёрқин намунасидир.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, доктор Муҳаммад ал-Ҳажарий форум доирасида “Ислом цивилизациясида интеллектуал салоҳият: тарихий тажриба ва унинг намуналари” мавзусидаги маърузасида Ўзбекистоннинг Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврлари тажрибасига тўхталганини маълум қилди. У Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини миллий тараққиёт ва умуммиллий бирликни мустаҳкамлашга қаратилган оқилона ёндашувнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этди.

“Мени алоҳида қувонтирган жиҳатлардан бири — Ўмон Султонлигига, унинг тарихи, маданияти ва бағрикенгликка асосланган сиёсатига билдирилган юксак ҳурмат бўлди. Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий ҳамкорлик халқларимизнинг умумий маънавий қадриятларига таянади”, — деб ёзди сенатор.

Самарқанд ва Термиз шаҳарларидаги учрашувлар давомида ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва бағрикенглигини яна бир бор ҳис этганини билдириб, бой тарихга эга Ўзбекистон бундан буён ҳам Ислом олами ва бутун инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшишда давом этишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш