“Кабар” ҚМАА: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар узоқ муддатли иқтисодий кооперация босқичига ўтмоқда
Июль 22, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 146
БИШКЕК, 22 июль. /“Дунё” АА/. “Кабар” Қирғизистон миллий ахборот агентлиги порталида “Ўзбекистон — Қирғизистон: чегарадош қўшничиликдан узоқ муддатли иқтисодий кооперация сари” сарлавҳали кенг қамровли таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг муҳим ва асосий йўналишларидан бирига айланди. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар анъанавий яхши қўшничилик доирасидан чиқиб, комплекс иқтисодий шериклик хусусиятини касб этмоқда.
Мақолада олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотлар бунда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида қайд этилган. Хусусан, 2026 йил май ойида “KazanForum” доирасида ва бошқа идоралараро учрашувларда, шунингдек, июнь ойида Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг 12-йиғилишида савдо, инвестиция ва иқтисодий соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқалар чуқур муҳокама қилинди. Шу билан бирга, чегарадош вилоятлар раҳбарлари Кенгаши ҳамда кутилаётган Биринчи ҳудудлар форуми минтақавий савдо ва логистикага кучли туртки бермоқда.
Ўзаро савдо айланмаси ҳам жадал ўсиш динамикасини кўрсатмоқда. 2025 йил якунларига кўра, савдо ҳажми қарийб 1,2 миллиард долларни ташкил этиб, 36,4 фоизга ошган бўлса, 2026 йилнинг январь–май ойларида бу кўрсаткич 468,8 миллион долларга етди ва 43,9 фоизга ўсди. Товар айланмасини 2024–2030 йилларда янада ошириш дастури асосида “Термиз” халқаро савдо маркази, Бишкек ва Тошкентдаги савдо уйлари, шунингдек, саноат кооперацияси лойиҳалари фаол ривожлантирилмоқда.
Инвестициявий ва ишлаб чиқариш кооперацияси соҳасида ҳам сезиларли илгарилаш кузатилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда қирғиз капитали иштирокидаги 450 та, Қирғизистонда эса ўзбек капитали иштирокидаги 85 та корхона фаолият юритмоқда. Чуй вилоятида “Onix”, “Captiva”, “Damas”, “Cobalt”, “Tahoe” ва “Tracker” автомобилларини йиғиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, геология, фармацевтика, енгил саноат (Қора-Болта, Андижон, Бишкек, Ўш ва Чуй вилоятларидаги тўқимачилик корхоналари) йўналишларида қўшма лойиҳалар кенгаймоқда.
Энергетика ва транспорт соҳаларидаги стратегик шериклик ҳам марказий ўринни эгаллайди. Қамбарота-1 ГЭС қурилиши бўйича ҳукуматлараро битимни тезлаштириш, 2026–2028 йилларга мўлжалланган транспорт ва логистика бўйича қўшма дастурни тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг молиявий имкониятларидан самарали фойдаланиш ушбу алоқаларнинг узоқ муддатли ва барқарор бўлишини таъминламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Кабар” агентлиги Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ўзаро боғлиқ, барқарор ва чуқур ўйланган узоқ муддатли стратегик шериклик тизимига айланганини алоҳида эътироф этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси