“Independent Türkçe” газетаси: Туркия–Ўзбекистон бир-бирини тўлдирувчи биродар давлатлар сифатида намоён бўлмоқда
Февраль 03, 2026. 16:16 • 3 дақ
• 42
АНҚАРА, 3 февраль. /“Дунё” АА/. “Independent Türkçe” газетасида Туркия Иқтисодиёт ва технология университети доценти, доктор Али Ўғуз Дириўзнинг Туркия–Ўзбекистон ҳамкорлиги бўйича мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Марказий Осиёдан ташқарида фаол минтақавий иштирокчига айланиб бормоқда. Мамлакат минтақавий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларга устувор аҳамият бермоқда, савдо йўлаклари ва кўп қиррали шерикликка сармоя киритмоқда.
“Ўзбекистон географик жиҳатдан ноёб, яъни денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакат. Шу билан бирга, унинг чегарадошлари ҳам денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар. Классик геосиёсий ёндашувларда бу кўпинча структуравий камчилик деб ҳисобланади. Бироқ, асосий мамлакат ва марказда жойлашгани жиҳатидан, яъни Осиё ва Ипак йўлининг қоқ ўртасида экани нуқтаи назаридан, Ўзбекистоннинг мавқеи маълум афзалликларни тақдим этади”, дея таъкидлаган муаллиф.
Газетада қайд этилишича, Янги Ўзбекистонда инсон ресурслари ва таълим соҳаларига ҳам катта инвестиция киритилмоқда.
“2020 йилдан бери мен Туркия Иқтисодиёт ва технология университетининг Ташкентдаги филиалида дарс бераман. Турли оралиқлар билан маъруза ва семинарлар учун Ўзбекистонга бориб келаман. Кузатувларимга таяниб айта оламанки, ҳозирга келиб Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар икки томонлама ҳамкорликнинг классик доирасидан ўтиб кетди. Икки мамлакат янги Ипак йўли ва Евроосиё савдо коридорлари юзасидан бир-бирини тўлдирувчи биродар давлатлар сифатида намоён бўлмоқда”, дейди Али Ўғуз Дириўз.
Туркиянинг Европа бозорларига кириш эшиги сифатидаги роли ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишлаб чиқариш, аҳоли ва салоҳият нуқтаи назаридан марказий роли бу шерикликни янада мустаҳкамламоқда.
Ўз навбатида, икки томонлама муносабатлар ва ҳамжиҳатликдан ташқари, Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) доирасидаги кўп томонлама бирдамлик ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ташкилот таркибидаги йирик иқтисодиёт ва энг аҳолиси кўп давлатлар сифатида Туркия ва Ўзбекистон мазкур халқаро тузилманинг келажакдаги йўналишини белгилайдиган асосий иштирокчилар қаторига киради. Анқара ва Тошкент ўртасидаги чуқурлашиб бораётган ҳамкорлик ТДТнинг шунчаки рамзий платформа бўлишдан чиқиб, аниқ сиёсий ёндашувлар, савдо ва стандартларни ишлаб чиқаришга қодир тузилмага айланишига ҳисса қўшади.
Албатта, ҳамкорлик фақат Анқара ва Тошкент билан чекланиб қолмай, Будапешт, Боку, Остона ва Бишкек каби бошқа ТДТнинг бошқа иштирокчилари билан бирдамлик ва биродарликни изчил мустаҳкамлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Тез-тез тилга олинаётган “Ўрта коридор концепцияси”ни ҳам шу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш керак. “Ўрта йўлак” шунчаки Хитойдан Европага чўзилган логистика ва савдо йўли бўлиб қолмай, Туркия билан Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги тарихий, маданий ва стратегик алоқаларни тиклайдиган “биродарлик кўприги” вазифасини бажаради. Бу кўприк нафақат товарлар ва капитал, балки инсон ресурслари, билим, ҳамжиҳатлик ва умумий нормалар айланишини ҳам осонлаштиради.
Бугунги кунда Туркия–Ўзбекистон муносабатлари кўпинча энергетика, олтин, пахта, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва саноат товарлари нуқтаи назаридан муҳокама қилинади. Албатта, бу соҳалар муҳим ва икки мамлакат ўртасида сезиларли иқтисодий салоҳият мавжуд. Эришилган келишувлар ҳам ушбу соҳаларнинг барчасида келажакка умид бахш этади ва биргаликда бориладиган йўлларни белгилаб беради. Ўз навбатида, чинакам узоқ муддатли ва ўзгарувчан ҳамкорлик савдодан ташқари, билим ва инсон капиталига асосланган соҳаларда ҳам шаклланади.
Шу нуқтаи назардан, университетлараро ҳамкорлик, қўшма дипломлар ва алмашинув дастурлари, ўзаро тан олинган профессионал малакалар ва уйғунлаштирилган техник стандартлар Туркия–Ўзбекистон ҳамкорлиги келажагининг асосини ташкил қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
