Logo

“Агробанк”: 2026 йилда банк томонидан 56,2 триллион сўм кредит ажратилиши режалаштирилган

Февраль 03, 2026. 18:32 • 3 дақ

95
“Агробанк”: 2026 йилда банк томонидан 56,2 триллион сўм кредит ажратилиши режалаштирилган
“Агробанк”: 2026 йилда банк томонидан 56,2 триллион сўм кредит ажратилиши режалаштирилган
“Агробанк”: 2026 йилда банк томонидан 56,2 триллион сўм кредит ажратилиши режалаштирилган

ТОШКЕНТ, 3 февраль. /“Дунё” АА/. 3 февраль куни пойтахтимизда “Агробанк” АТБ томонидан матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларига “Агробанк”нинг 2025 йилги фаолият якунлари ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, 2025 йил “Агробанк” учун барқарор молиявий ўсиш, тизимли трансформация ва рақамли ривожланиш даври бўлди. Йил якунларига кўра, банк активлари 103,6 триллион сўмга етиб, банк тизимида иккинчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 24,2 триллион сўмга ошган бўлиб, банк фаолиятидаги изчил стратегиянинг амалий натижасидир.

Кредит портфели ҳам сезиларли кенгайди: 81,1 триллион сўмлик кредит қўйилмалари шакллантирилди. 2025 йил давомида жами 42,2 триллион сўм кредит ажратилган бўлиб, унинг 23,1 триллион сўми микро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилди. Бу тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш “Агробанк” фаолиятининг устувор йўналиши эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Банк мижозлари сони 7,4 миллион нафарга етиб, йил давомида 1,5 миллиондан ортиқ янги мижозлар жалб этилди. Депозитлар ҳажми 32,5 триллион сўмни, аҳоли омонатлари эса 15,9 триллион сўмни ташкил этди. Натижада, “Агробанк” 2025 йилда аҳоли омонатлари ўсиши бўйича банк тизимида етакчи ўринни эгаллади.

Матбуот анжуманида банк хизматлари сифатини ошириш мақсадида кредит ажратиш жараёнлари тубдан қайта кўриб чиқилгани қайд этилди. Хусусан, кичик кредитлар бўйича қарор қабул қилиш муддати 3 кундан 15 дақиқагача, ипотека кредитлари бўйича эса 1 йилдан 1 кунгача қисқартирилди.

“Ягона хизмат кўрсатиш тизими” орқали мижозларга оид 30 га яқин маълумот инсон омилисиз, автоматик тарзда давлат электрон тизимларидан олинмоқда. Автоматлаштирилган кредит конвейери жорий этилиб, жисмоний шахслар учун кредит ажратиш жараёни 10–12 дақиқагача қисқартирилди.

Юридик шахслар учун масофавий хизматларни кенгайтириш мақсадида “Agrozamin biznes” мобил иловаси ва веб-платформаси ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич жорий этилмоқда. Банкда “Agile” трансформацияси ва “Мижозга йўналтирилган банк” концепцияси асосида “Kaizen” ёндашуви татбиқ этилди.

“Агробанк” анъанавий равишда қишлоқ хўжалиги соҳасини молиялаштиришда етакчи бўлиб қолмоқда. 2025 йилда мамлакатда пахта хомашёсининг 80 фоизи, бошоқли дон ҳосилининг 95 фоизи “Агробанк” томонидан молиялаштирилди. Пахта ва ғалла етиштириш учун 15 триллион сўм кредит ажратилди.

Сув ресурсларини тежашга қаратилган лойиҳалар алоҳида эътибор марказида бўлди. Сув тежовчи технологиялар учун 2,4 триллион сўм, фермер хўжаликларидаги суғориш насосларини қуёш панеллари билан жиҳозлаш учун қарийб 1 триллион сўм йўналтирилди. Хитойдан келтирилган 1 400 тонна юқори сифатли пахта уруғи ҳисобига ҳосилдорлик 40–50 центнергача етказилди.

Ижтимоий лойиҳалар доирасида “Agrobooks” ташаббуси асосида сувдан оқилона фойдаланишга бағишланган “Сув китоби” тўплами нашр этилиб, фермерларга бепул тарқатилди. “Agro In-vitro” лабораторияси орқали интенсив боғлар учун кўчатлар етиштирилмоқда.

2025 йилда банкда “Сунъий интеллект лойиҳа офиси” ташкил этилди. Унинг асосий мақсади — банк ва қишлоқ хўжалиги соҳасида СИ ва “Big Data” асосидаги замонавий ечимларни ишлаб чиқишдир.

2026 йилда “Агробанк” томонидан 56,2 триллион сўм кредит ажратилиши режалаштирилган бўлиб, унинг 23 триллион сўми МКБ лойиҳаларига йўналтирилади. Сув тежовчи технологиялар ва қуёш панеллари учун 2,6 триллион сўм, “Сувчилар мактаби” доирасида эса 141 туманда тажриба майдонлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Келгусида экин ҳолатини космик суратлар ва дронлар орқали масофавий мониторинг қилиш тизими жорий этилади.

Матбуот анжумани якунида тадбиркорлар ва ОАВ ходимлари иштирокида савол-жавоблар бўлиб ўтди. “Агробанк”нинг тегишли бошқарма ва департамент раҳбарлари кредит сиёсати, рақамли маҳсулотлар, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ва халқаро ҳамкорлик масалаларига оид саволларга батафсил жавоб берди. Очиқ мулоқот банк фаолиятининг шаффофлиги ва жамоатчилик билан самарали алоқаларини яна бир бор намоён этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш