Logo

Покистоннинг гўшт ва картошка етиштириш бўйича тажрибаси ўрганилди

34
Покистоннинг гўшт ва картошка етиштириш бўйича тажрибаси ўрганилди
Покистоннинг гўшт ва картошка етиштириш бўйича тажрибаси ўрганилди
Покистоннинг гўшт ва картошка етиштириш бўйича тажрибаси ўрганилди
Покистоннинг гўшт ва картошка етиштириш бўйича тажрибаси ўрганилди

ИСЛОМОБОД, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Юртимиз элчихонаси кўмагида 19–20 февраль кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахобов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациянинг Покистоннинг Лаҳор ва Окара шаҳарларига сафарлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимиз делегацияси таркибида банк, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва карантин идоралари вакиллари ўрин олди.

Сафар Ўзбекистонда Покистон тажрибаси асосида гўшт ва картошка етиштиришни ташкил этиш бўйича аниқ келишувларга эришиш мақсадида уюштирилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси мамлакатимиз элчиси Алишер Тўхтаев ҳамроҳлигида Покистоннинг гўшт етиштиришга ихтисослашган йирик «Zenith», «Tazij Meats», «Abedin International», «Anis Associates», «Go Food» ва «Quality Meat» компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Мулоқотлар чоғида Ўзбекистонда чорва молларини биргаликда етиштириш, мамлакатимизда гўшт сақлаш омборхоналари ва дистрибьюторлик марказларини ташкил этиш, Ўзбекистонга гўшт етказиб бериш шартлари ҳамда транспорт-логистика масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз вакиллари корхоналар фаолияти, етиштирилаётган гўштнинг халқаро талабларга жавоб бериши ва тегишли сертификатлари билан танишди.

Учрашувлар натижасида мазкур компаниялар билан Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш ва гўшт экспортини ошириш бўйича тижорий таклифлар тақдим этиш юзасидан келишувга эришилди.

Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон томони Покистонда картошка етиштириш ва хорижий мамлакатларга экспорт қилишга ихтисослашган «Chase International», «FFF Traders», «Al Khas Trading», «Jamshaid Traders», «Madina Enterprises» ва бошқа компанияларга ташриф буюрди ҳамда корхоналар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан Ўзбекистонда картошка етиштиришни кўпайтириш ва сифатини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба ва технологиялар алмашишга эътибор қаратди.

Музокаралар натижасида Покистон тажрибаси асосида Ўзбекистон ҳудудларида картошка етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш