Ингер Андерсен: Ўзбекистон атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш масалаларида етакчиликни намоён этмоқда

Июнь 03, 2026. 18:55 • 5 дақ

44
Ингер Андерсен: Ўзбекистон атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш масалаларида етакчиликни намоён этмоқда

САМАРҚАНД, 3 июнь. /“Дунё” АА/. БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Атроф-муҳит дастури (YUNEP) Ижрочи директори Ингер Андерсен Самарқандда бўлиб ўтаётган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмаси ва Глобал экологик жамғарма тадбирлари доирасида “Дунё” АА мухбирига интервью берди:

– Эътиборлиси, Ўзбекистон атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида чинакам етакчиликка интилмоқда. Тоза ҳаво, биохилма-хилликни асраш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва чиқиндиларни самарали бошқариш биринчи даражали аҳамиятга эга масалалардир. Айни пайтда мамлакат уларга муаммо сифатида эмас, балки сармоявий имкониятлар деб қарамоқда. Ўзбекистон айнан шундай ёндашувни намойиш этяпти.

Биз яқинда YUNEPда Ўзбекистон вазири билан самарали учрашув ўтказиб, бу масалаларнинг барчасини муҳокама қилдик. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари сингари Ўзбекистон учун ҳам қум ва чанг бўронларига қарши курашиш ҳамда тоза ҳавони таъминлаш асосий устувор йўналишлардан саналади.

Эҳтимол, бу келгуси ҳамкорлигимизнинг илк йўналишларидан бири бўлади. Шу билан бирга, биз аллақачон қатор масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Зеро, Ўзбекистон кўплаб муҳим экологик ташаббусларда етакчи ўринларни эгаллаб турибди.

Биз минтақалар, мамлакатлар ва давлатлар бирлашиб, чегаралардан ташқарида ҳамкорлик қилсак, экологик муаммоларни янада самарали ҳал эта оламиз. Чунки атроф-муҳит чегараларни тан олмайди: қушлар миграция қилади, шамоллар эсади, ифлосланиш эса ҳар томонга тарқалади. Мен чиқарадиган ҳаво сиз нафас оладиган ҳавога аралашиши мумкин. Демак, мен келтириб чиқарган ифлосланиш сизнинг соғлиғингизга ҳам таъсир қилади. Шу сабабли, халқаро ҳамкорлик жуда муҳим аҳамиятга эга.

Айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Марказий Осиёда тоза ҳавони таъминлаш борасидаги ташаббуси жуда муҳим. Бу мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим излашга тайёрлигини кўрсатади.

Орол денгизи билан содир бўлган ва бўлаётган ҳодисалар, шубҳасиз, фожеадир. Иқлим ўзгариши ва табиий ресурслардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш вужудга келган вазиятнинг асосий сабабларидан бирига айланди. Бироқ бугунги кунда уни бартараф этиш учун муҳим қадамлар ташланмоқда.

Яқинда “Eco Expo” кўргазмасида тупроқнинг юқори шўрланиши, қурғоқчилик ва қум бўронлари шароитида омон қола оладиган чидамли ўсимликлар, дарахтлар ва буталарни экиш бўйича тадқиқотлар ҳамда лойиҳалар натижаларини кўриб хурсанд бўлдим. Бундай кўчатлар қумларни мустаҳкамлашга ва ерларнинг янада таназзулга юз тутишининг олдини олишга ёрдам беради.

Бу каби ишларни кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, аниқ деҳқончилик ва томчилатиб суғориш тизимларини ривожлантириш зарур. Буларнинг барчаси муаммони комплекс ҳал этишнинг ажралмас қисмидир.

Муҳими, Ўзбекистон бу ишларга фаол қўшилиб, мавжуд муаммоларга амалий ечим топишга интилмоқда. Шу билан бирга, Орол денгизи қисқаришда давом этмоқда ва вазият шошилинч чораларни талаб қилади. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари бугунги кунда ўзаро ҳамкорликни кучайтираётгани ва бу муаммони ҳал қилиш учун аниқ қадамлар қўяётганини кўриш айниқса муҳимдир.

Шунингдек ўқинг

Айниқса, ушбу ташриф давомида кўрганларим менда катта таассурот қолдирди. Бу менинг Ўзбекистонга иккинчи келишим. Биринчи марта бу ерда бор-йўғи икки йил олдин бўлганман. Ўшанда вазир билан суҳбатлашиб, ҳали амалга оширилиши керак бўлган режалар ва ташаббуслар ҳақида эшитгандим. Бугун кўриб турибманки, бу режаларнинг кўпи ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Биз қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, ҳаво сифатини яхшилаш, сувни тежаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга сармоя киритмоқдамиз. Шунингдек, айланма иқтисодиётни ривожлантириш ва чиқиндиларни қайта ишлашга катта сармоя киритилмоқда.

Албатта, иш ҳали якунига етгани йўқ. Бироқ, мамлакатнинг муаммоларни ҳал қилишни кечиктирмасдан, соғлом, тоза ва экологик барқарор келажак учун ўз ресурсларини сафарбар қилган ҳолда бугуноқ ҳаракат қилишга интилиши таҳсинга лойиқдир. Айнан шунинг учун биз эришилган ютуқлардан мамнунмиз.

Минтақа учун энг жиддий муаммолардан бири баланд тоғли ҳудудлардаги музликларнинг эриши бўлиб қолмоқда. Башоратларга кўра, агар ҳозирги тенденциялар давом этса, 2100 йилга бориб Марказий Осиё ўз музликларининг қарийб 80 фоизини йўқотиши мумкин. Бу ўта ташвишли кўрсаткич бўлиб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни талаб қилади.

Қум ва чанг бўронлари ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. Бир авлод олдин бундай ҳодисалар деярли кузатилмаган Тошкент каби шаҳарлар бугунги кунда йилига бир неча марта бундай ҳодисаларга дуч келмоқда. Яқинда Тожикистон вазири менга ўтган йилнинг ўзида мамлакатда 216 та қум ва чанг бўрони қайд этилганини айтди.

Бундай ҳодисалар қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва техникага жиддий зарар етказмоқда, одамлар саломатлиги ва умуман иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, қум ва чанг бўронлари оқибатларига қарши курашиш минтақавий ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда. Биз, ўз навбатида, бу ишда Марказий Осиёга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрмиз.

Айниқса, Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги роли ортиб бораётгани қувонарли. Сўнгги йилларда Ўзбекистон мезбонлик қилаётган тадбирларга назар ташлашнинг ўзи кифоя. Бу ерда Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция (CMS) томонларининг конференцияси, CITES конференцияси, энди эса Глобал экологик фонд (GEF) ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари, мамлакат ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси, БМТнинг гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича халқаро конференцияси ва Осиё тараққиёт банкининг йиллик йиғилишига мезбонлик қилди.

Бир неча ўн йиллар олдин Марказий Осиё жаҳон эътиборида камдан-кам бўлган. Бугун вазият ўзгарди. Ўтган ойнинг ўзида Душанбеда халқаро сув саммити, кейин эса Остонада экологик саммит бўлиб ўтди.

Минтақа мамлакатлари нафақат глобал кун тартибида иштирок этиши, балки ўз ечимларини таклиф этиши, етакчиликни намоён этиши ва бир-бири билан ҳамкорликни мустаҳкамлаши айниқса муҳимдир. Марказий Осиё давлатлари Президентлари фаол ташаббуслар билан чиқмоқда ва умумий муаммоларни ҳал қилиш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр. Бу эса бутун халқаро ҳамжамият учун жуда муҳим аҳамият касб этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш