Самарқандда ИҲТнинг атроф-муҳит бўйича олтинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди

Июнь 03, 2026. 18:25 • 3 дақ

37
Самарқандда ИҲТнинг атроф-муҳит бўйича олтинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди
Самарқандда ИҲТнинг атроф-муҳит бўйича олтинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди
Самарқандда ИҲТнинг атроф-муҳит бўйича олтинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди
Самарқандда ИҲТнинг атроф-муҳит бўйича олтинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди

САМАРҚАНД, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Самарқандда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг атроф-муҳит бўйича олтинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири воқеа жойидан.

Тадбир “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида ўтказилиб, унда табиатни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ИҲТга аъзо давлатлар экспертлари иштирок этди.

Учрашувда ИҲТга аъзо мамлакатлар делегациялари, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти котибияти раҳбарияти ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ИҲТга аъзо давлатлар экология вазирлари сўнгги 12 йилда илк бор замонавий экологик муаммоларни ҳал этишга доир келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун тўпланганини қайд этди.

Минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса, қўшма экологик ташаббусларни илгари суриш, билим ва илғор тажриба алмашиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Миллий қўмита раиси сўзларига кўра, кўриб чиқиш учун тақдим этилган ИҲТнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Экологик ҳамкорлик бўйича ҳадли дастури, иқлим ва биохилма-хиллик бўйича ишчи дастурлар ҳамда Самарқанд декларацияси минтақавий экологик шерикликнинг янги босқичига асос бўлади.

Йиғилиш давомида иштирокчилар ИҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши, табиат ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва ерлар деградациясининг олдини олиш соҳасидаги миллий устувор йўналишларини муҳокама қилди. Чўлланишга қарши курашиш, илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, ўрмонларни барқарор бошқариш ҳамда қум ва чанг бўронларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон томони минтақавий экологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат ўзаро ишонч, минтақавий ҳамкорлик ва умумий экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилларини изчил илгари сураётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистоннинг ерлар деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш соҳасидаги ташаббусларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Green University” – Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети қошидаги Чўлланиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолияти, илмий тадқиқотлар, технологиялар алмашинуви ва қўшма пилот лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида ИҲТ мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, иштирокчиларга чўл ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этишни ривожлантиришга қаратилган ИҲТга аъзо давлатларнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган трансчегаравий “Яшил дастур”ини ишлаб чиқиш ташаббуси тақдим этилди. Шунингдек, ИҲТнинг Экологик ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги платформаси доирасида қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантиришнинг минтақавий тизимини ривожлантириш таклиф қилинди.

Учрашув якунида иштирокчилар ИҲТнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Экологик ҳамкорлик бўйича ҳадли дастури ва унинг тематик иловаларини, жумладан, иқлим ўзгариши ва биохилма-хиллик бўйича ишчи дастурларни маъқуллади. Шунингдек, минтақавий экологик ҳамкорлик тўғрисидаги Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш