“DKNews”: Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантирмоқда

Ноябрь 06, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 97
“DKNews”: Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантирмоқда

ОСТОНА, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “DKNews” нашрида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги моделига бағишланган мақола инглиз ва рус тилларида эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Илгари чегаравий келишмовчиликлар, сув-энергетика масалалари, савдо тўсиқлари ва сиёсий ишонч етишмаслиги билан тавсифланган минтақа бугун ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва умумий манфаатлар асосида ривожланмоқда.

Бу жараёнда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати муҳим ўрин тутмоқда. 2017 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва мунтазам маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш устувор йўналишга айланди.

2018 йилда илк бор ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари бу борада муҳим сиёсий майдон вазифасини бажармоқда.

Шунингдек ўқинг

Шаклланаётган ҳамкорлик моделининг асосий хусусияти мамлакатларнинг ўз суверенитетини сақлаган ҳолда сиёсий мулоқот, ўзаро келишув ва амалий манфаатлар асосида ҳамкорликни кенгайтиришидир. Бу минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг ўзига хос йўлини намоён этади.

Нашрда қайд этилишича, 2025 йил 16 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳам минтақавий ҳамкорликнинг институционал жиҳатдан ривожланаётганини кўрсатди. Унда Озарбайжоннинг мазкур форматга тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши тўғрисида қарор қабул қилиниши ҳамкорлик географияси кенгайиб бораётганининг муҳим ифодаси бўлди.

Марказий Осиё ўз тараққиёт йўлига мос минтақавий ҳамкорлик моделини шакллантирмоқда. Унинг асосида суверенитетга ҳурмат, сиёсий ишонч, мунтазам мулоқот ва ўзаро манфаатли шериклик тамойиллари мужассам.

Ўзбекистоннинг бу жараёндаги ташаббускорлиги минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш ва унинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, Марказий Осиё давлатлари миллий манфаатларини сақлаган ҳолда умумий минтақавий мақсадлар йўлида бирлашиш мумкинлигини амалда намоён этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш