Ўзбекистон ва Қатар парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш ва тажриба алмашишни фаоллаштиришга келишиб олди
Ноябрь 06, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 105
ДОҲА, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Қатар парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашувда Қатар–Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, Мажлис аш-Шуро аъзоси Аҳмад ал-Ҳитмий, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов ҳамда Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев, шунингдек, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги дўстлик гуруҳларининг бошқа аъзолари иштирок этди.
Мулоқот давомида Қатар парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, парламент фаолиятининг турли йўналишларида тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро парламент майдонларида ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат доирасида хорижий давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, парламент дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Қатар томони қонун ижодкорлиги соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда тажриба алмашиш, шунингдек, маданий-гуманитар, туризм, спорт, фан ва таълим соҳаларида парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш тарафдори эканини таъкидлади.
Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги олий даражада шаклланган ишончли муносабатларни парламент дипломатияси орқали янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси