ИрМТТУ ўзбекистонлик талабалар сонини кўпайтириш ниятида

Июнь 11, 2026. 12:30 • 2 дақ

95
ИрМТТУ ўзбекистонлик талабалар сонини кўпайтириш ниятида
ИрМТТУ ўзбекистонлик талабалар сонини кўпайтириш ниятида
ИрМТТУ ўзбекистонлик талабалар сонини кўпайтириш ниятида

ИРКУТСК, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Иркутск миллий тадқиқот техника университети (ИрМТТУ) ректори Михаил Корняков билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида томонлар ИрМТТУнинг Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан икки томонлама ҳамкорлигини кенгайтириш, ўзбекистонлик талабалар учун ўқув жараёнини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Ҳозирги вақтда университетда Ўзбекистондан келган 100 нафардан ортиқ талаба кончилик иши, нефть-газ иши, ахборот технологиялари ва бошқа мутахассисликлар бўйича таҳсил олмоқда.

Михаил Корняков Ўзбекистондан келган талабалар сонини оширишдан манфаатдор эканини маълум қилди. Шунингдек, ИрМТТУнинг Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Жиззах политехника ва Наманган давлат педагогика институтлари билан алоқалар йўлга қўйилгани ҳамда икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида битим ва меморандумлар имзолангани таъкидланди.

Ўзбекистон томони Иркутск политехника институти негизида малака ошириш курсларини давом эттириш учун ИрМТТУ ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтиришни таклиф этди.

Шунингдек ўқинг

Россиялик мутахассислар бош консулнинг грант асосида таълим олаётган магистрантлар, танлаган мутахассисликларига мувофиқ оширилган стипендия оладиган аспирантлар сонини кўпайтириш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади.

Ташриф доирасида ўзбекистонлик талабалар, жумладан, Тошкентдаги Кимё халқаро университетининг малака ошириш дастури иштирокчилари билан ҳам учрашув ташкил этилди.

Мулоқот давомида талабалар ўқишлари, амалий машғулотлари ҳамда ўзлари учун яратилган турар жой ва маиший шароитлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Ватандошларимиз давлат ҳимоясида экани, Бош консулхона уларнинг ўқиш даврида юзага келадиган масалаларни ҳал этишда зарур ёрдам ва кўмак кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Кимё университети талабалари сафарни ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулҳонасига миннатдорлик билдирди.

Учрашувда талабаларнинг консулликка қилган мурожаатлари, жумладан, ҳудудий ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиш тартиби ва ётоқхоналарда қулай яшаш шароитларини таъминлаш каби айрим масалалар ҳам кўриб чиқилиб, ўз ечимини топди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш