ЖЧ-2026: Бугун бутунжаҳон футбол байрамига старт берилади

Июнь 11, 2026. 13:00 • 2 дақ

83
ЖЧ-2026: Бугун бутунжаҳон футбол байрамига старт берилади

ТОШКЕНТ, 11 июнь /“Дунё” АА/. Бугун футбол мухлислари, шу жумладан, ўзбек халқи орзиқиб кутган футбол бўйича жаҳон чемпионати старт олади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

23-бор ўтказилаётган Жаҳон чемпионати янгиликларга бой бўлади. Ўйинлар илк бор уч давлат – АҚШ, Канада ва Мексика стадионларида ўтказилади. Баҳслар 11 июндан 19 июлгача давом этади.

Мазкур мусобақа тарихдаги энг йирик Жаҳон чемпионати бўлиб, унда 48 та миллий терма жамоа қатнашади ва жами 104 та учрашув бўлиб ўтади. Энг муҳими, бу галги мундиалда ЎЗБЕКИСТОН ҳам иштирок этади!

Футбол байрамининг очилиш маросими Мексикадаги тарихий “Ацтека” стадионида (FIFA мусобақаси даврида “Mexico City Stadium”) бўлиб ўтади. Эътиборлиси, ушбу стадион 1970 ва 1986 йилги мундиалларнинг очилиш баҳсларига ҳам мезбонлик қилган.

Шунингдек ўқинг

Тақвимга кўра, очилиш ўйини мезбон Мексика терма жамоасининг Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)га қарши баҳси билан бошланади. Ўйин бугун Тошкент вақти билан соат 23:59 да старт олади. Очилиш баҳсини Вилтон Сампайо бошчилигидаги бразилиялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Қизиқарли жиҳати, Мексика ва ЖАР миллий жамоалари 2010 йилдаги Жаҳон чемпионатини ҳам очиб берган эди. Ўша баҳсни ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб борган.

Эслатиб ўтамиз, “Оқ бўрилар” рамзий номи билан мундиалга йўл олган футболчиларимиз биринчи турда Колумбияга қарши майдонга тушади. Ушбу учрашувга Мексика пойтахтидаги “Ацтека” стадиони мезбонлик қилади.

Вакилларимиз иккинчи турда Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси билан куч синашади. Мазкур беллашув АҚШдаги “NRG” стадионида бўлиб ўтади. Учинчи тур доирасида Конго Демократик Республикасига қарши баҳс эса 28 июнь куни Америкадаги “Атланта” стадионида ўтказилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш